Халқаро театр фестивалида “Қасам” ўзбек спектакли намойиш қилинди
Сентябрь 18, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 107МИНСК, 18 сентябрь. /“Дунё” АА/. Брест шаҳрида бўлиб ўтаётган “Белая Вежа” 30-халқаро театр фестивалида Ўзбекистон давлат ёшлар театри жамоаси ҳам қатнашмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Белая Вежа” жаҳондаги нуфузли халқаро театр форумларидан бири бўлиб, ҳар йили турли мамлакатлардан келган ижодий жамоаларни бирлаштиради.
Бу йилги юбилей фестивалида 11 мамлакатдан 31 та театр жамоасининг спектакллари томошабинларга тақдим этилмоқда. Фестиваль 30 йил ичида дунёнинг 60 дан ортиқ давлати санъаткорларини бирлаштиришга муваффақ бўлган.
Фестивалда ўзбек ижодкорлари томонидан “Қасам” спектакли намойиш қилинди. Ушбу саҳна асарида 1920 йилларда чет элга билим олиш учун жўнатилган, бироқ ватанига қайтганидан сўнг сиёсий қатағон қурбони бўлган ўзбек ёшларининг фожиали ҳаёти ҳикоя қилинади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги муносабатлар бир неча йўналишда жадал ривожланиб бормоқда. Шу маънода, “Белая Вежа”да иштирок этиш ўзбекистонлик ижодкорларга хорижий театр ҳамжамияти вакиллари билан тажриба алмашиш имконини берди.
Иштирокчилар 19 сентябрга қадар ўз спектаклларини намойиш этиш, касбий тажриба алмашиш ҳамда томошабинларни турли театр анъаналари билан таништиришда давом этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

