Ар-Риёзда ўзбек миниатюра санъати кўргазмаси очилди
Сентябрь 09, 2026. 08:55 • 2 дақ
• 386АР-РИЁЗ, 9 сентябрь. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистони пойтахтида Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Миниатюра санъати: Бухородан Арабистон ярим оролигача. Муқаддас қадамжолар йўлидаги тарих” номли маданий кеча ва кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистон элчихонаси томонидан ташкил этилди. Унда дипломатик корпус, давлат идоралари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, маданият ва санъат арбоблари иштирок этди.
Кўргазмада ўзбек усталарининг 35 та ижодий иши намойиш этилиб, улар ташриф буюрувчиларни Ўзбекистон миниатюра рангтасвири тарихи, бадиий хусусиятлари ва анъаналари билан таништиради.
Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва ўзбек-саудия маданий-гуманитар алоқаларини ривожлантиришда маданиятнинг ўрнини таъкидлади.
“AlMashtal” креатив маркази раҳбари, малака Нура бинт Сауд бин Наиф Ал Сауд Ўзбекистонни мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, миниатюра санъатини ислом бадиий меросининг бир қисми сифатида сақлаб қолиш аҳамиятини алоҳида қайд этди.
Ўзбекистон томонидан Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи директори Гулабза Қаршиева Ўзбекистонда миниатюра санъати ривожи, уни асраб-авайлаш, ўрганиш ва янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон бадиий меросининг муҳим қисми сифатида миниатюранинг аҳамияти, унинг тарихий хотира ва маданий анъаналарни сақлашдаги ролига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида ўзбекистонлик миниатюра усталарининг 35 та асаридан иборат кўргазма намойиш этилди. Кўргазма меҳмонларга ушбу қадимий санъат турининг ўзига хос хусусиятлари, унинг бадиий усуллари, сюжетлари ва энг майда деталларга эътибори билан яқиндан танишиш имконини берди.
Таълим ва санъат соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Саудия университетлари вакиллари Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан академик алмашинувлар, қўшма тадқиқотлар ва касбий алоқаларни ўз ичига олган шерикликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Кўргазма ташриф буюрувчилар учун икки кун давомида очиқ бўлади. Шунингдек, ўзбек мутахассислари раҳбарлигида 35 нафар саудиялик ҳаваскор рассомлар ва ёш усталар учун амалий маҳорат сабоқлари ўтказилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


