Ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини Испания ва Европа бозорларига экспорт қилиш масаласи муҳокама қилинди
Сентябрь 18, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 112
МАДРИД, 18 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини Испания ва Европа бозорларига экспорт қилишни кенгайтириш масалаларига бағишланган онлайн бизнес-мулоқот ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат жараёнида Испаниянинг “Ayecotex S.L.” компанияси раҳбари, соҳа экспертлари ҳамда Ўзбекистоннинг етакчи тўқимачилик корхоналари вакиллари иштирок этди.
Мулоқотда хусусий брендлар ва давлат муассасалари учун маҳсулот етказиб бериш, махсус тўқимачилик материаллари ишлаб чиқариш, йирик чакана савдо тармоқлари ҳамда Испания брендлари билан ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди. Европа харидорлари учун маҳсулот сифати, рақобатбардош нарх, логистика ва тўлов шартлари асосий мезонлар экани қайд этилди.
Мадрид шаҳрида ўзбек тўқимачилик маҳсулотларининг улгуржи савдо зали ва шоурумини ташкил этиш таклифи илгари сурилди. Ушбу майдон ўзбек ишлаб чиқарувчиларини испан харидорларига таништириш ва миллий брендларни Европа бозорида илгари суришга хизмат қилиши мумкин.
Учрашув якунида ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари, масъул иштирокчилар ва амалга ошириш муддатларини белгилайдиган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Испания томони ўзбек ишлаб чиқарувчиларини испан компаниялари билан тўғридан-тўғри боғлаш, жумладан, Ўзбекистон корхоналарига буюртмалар жойлаштиришга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси