Logo

“Times of Central Asia”: Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази — хотира, илм-фан ва миллий ўзликнинг янги тимсоли

Март 17, 2026. 19:37 • 2 дақ

65
“Times of Central Asia”: Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази — хотира, илм-фан ва миллий ўзликнинг янги тимсоли

ТОШКЕНТ, 17 март. /“Дунё” АА/. Марказий Осиё минтақасининг етакчи нашрларидан бири — “Times of Central Asia”да Тошкентда Ислом цивилизацияси марказининг очилишига бағишланган кенг қамровли мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрнинг қайд этишича, 2026 йил 17 март куни ўз эшикларини очаятган ушбу Марказ замонавий Ўзбекистоннинг энг салмоқли маданий лойиҳаларидан биридир. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур муассаса шунчаки музей эмас, балки мамлакатнинг тарихий хотира, илм-фан ва миллий ўзлик борасидаги халқаро баёнотидир.

Мақолада таъкидланишича, Тошкентнинг тарихий “Хаст-Имом” мажмуасида қад ростлаган ушбу бинонинг меъморчилиги ўзгача рамзий маънога эга. Бинонинг 65 метрли гумбази ва тўртта портали Ўзбекистон ҳудудларининг бирлигини англатади. Ички дизайн эса ташриф буюрувчиларни дин, илм-фан ва давлатчилик тарихи бўйлаб саёҳатга чорлайди.

“Times of Central Asia” Марказнинг ўзига хослигини унинг кенг кўламли имкониятлари билан боғлайди. Бу ерда музей заллари билан бир қаторда кутубхона, реставрация ва рақамлаштириш лабораториялари, илмий ва архив бўлимлари мавжуд. Марказ Бағдоддаги “Байт ул-ҳикма”, Хоразм Маъмун академияси ва Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси каби тарихий илм масканларидан илҳомланган ҳолда “музей-тадқиқот гибриди” сифатида фаолият юритади.

Шунингдек ўқинг

Лойиҳанинг “концептуал юраги” бўлган Қуръон зали алоҳида тилга олинган. Унинг марказида ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» реестрига киритилган, VII асрга оид машҳур Усмон Мусҳафи жойлашган. Шунингдек, галереяда ислом хаттотлиги эволюциясини акс эттирувчи 114 та Қуръон нусхаси намойиш этилган.

Мақолада Марказнинг халқаро ҳамкорлик натижаси эканига ҳам урғу берилган. Экспозицияларни тайёрлашда Франциянинг “Wilmotte & Associés” ва Италиянинг “Magister Art” каби компаниялари, шунингдек, юзлаб маҳаллий ва хорижий олимлар иштирок этган. Икки мингга яқин нодир қўлёзма ва осори-атиқалар халқаро ҳамкорлик доирасида ватанга қайтарилган.

Хулоса ўрнида “Тошкент шунчаки янги музейни тақдим этаётгани йўқ. У ўзининг илм-фан чорраҳаси сифатидаги тарихий мақомини қайта тикламоқда. Марказнинг БМТ Цивилизациялар альянси билан имзолаган меморандуми эса унинг глобал миқёсдаги маърифий ва гуманитар аҳамиятини яна бир бор тасдиқлайди”- дея таъкидланган нашрда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш