“Hormuz” газетаси: Ислом цивилизацияси маркази замонавий даврнинг энг улкан маданий лойиҳаларидан бирига айланмоқда
Март 16, 2026. 18:50 • 3 дақ
• 111
МАСКАТ, 17 март. /“Дунё” АА/. Ўмоннинг оммабоп “Hormuz” газетасида “Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази 2026 йилнинг энг гўзал музейлари рўйхатига киритилди” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Материалда қайд этилишича, ушбу марказ Марказий Осиёдаги энг йирик маданий, илмий ва гуманитар мажмуа ҳисобланади. У қарийб 10 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, бино уч қаватдан иборат. Иншоотда бош музей, илмий-тадқиқот маркази ва 200 минг жилдлик замонавий кутубхона жойлашган. Лойиҳа Марказий Осиёнинг мумтоз ислом меъморчилиги, хусусан, Темурийлар даври олтин давридан илҳомланган ҳолда ишлаб чиқилган.
Ислом цивилизацияси маркази халқаро “Prix Versailles” мукофоти томонидан 2026 йил учун дунёнинг энг гўзал музейлари қаторига киритилган. Марказ биносини феруза мозаикали улкан гумбаз ҳамда Самарқанддаги Регистон мажмуаси ва Бухоронинг тарихий дарвозаларидан илҳомланган, Ўзбекистоннинг тўртта минтақасини ифодаловчи 34 метр баландликдаги тўртта симметрик дарвоза безаб турибди. Баландлиги бўйича Голливуд белгисидан тўрт баравар, ҳажми бўйича Оқ уйдан етти баравар катта бўлган ушбу марказ Ўзбекистоннинг меъморчиликда ҳам улкан салоҳиятга эга давлат эканини намоён этади.
“Бу марказ нафақат меъморий гўзаллиги билан, балки ислом уйғониш даврининг олтин асри ва Янги Ўзбекистон ўртасидаги жонли кўприк сифатида ҳам қадростлаб турибди. Мажмуада 2000 дан ортиқ ноёб қўлёзмалар ва ноёб тарихий ашёлар, жумладан, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган, милодий VII асрга оид энг қадимги Қуръон қўлёзмаларидан бири сақланади”, дея маълумот берилган мақолада.
Музейда виртуал реаллик ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда интерактив кўргазма заллари, реставрация лабораториялари, ҳунармандчилик устахоналари, болалар музейи, тадқиқот ва халқаро конференция заллари мавжуд. Ўзбекистоннинг ислом илм-фани ва маданиятидаги тарихий ўрнини Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Ал-Беруний каби алломалар тарихидан ҳикоя қилувчи кўргазмалар орқали ёритиш, бағрикенглик ва маданиятлараро мулоқот қадриятларини тарғиб қилишга эътибор қаратилган.
Марказ “Smithsonian”, “National Geographic”, “BBC Travel”, “History” ва “CNN” каби халқаро ташкилотлар ва нуфузли хорижий ОАВнинг юксак эътирофга сазовор бўлди. Чет элдаги етакчи экспертлар мазкур мажмуани “Замонавий даврнинг энг улкан маданий лойиҳаларидан бири” деб баҳолади. “BBC” марказни 2026 йилда очилиши кутилаётган энг яхши олтита музей рўйхатига киритди.
Ушбу мажмуа Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бунёд этилди. Марказ директори Фирдавс Абдулхолиқовнинг таъкидлашича, марказ Ўзбекистоннинг жаҳон маданий харитасидаги ўрнини янада мустаҳкамлаб, унинг моддий-маънавий меросини бутун дунёга танитади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси