Logo

Ироқ ва Ўзбекистон ўртасидаги туризм алоқалари янги босқичга кўтарилмоқда

Февраль 17, 2026. 19:47 • 2 дақ

284
Ироқ ва Ўзбекистон ўртасидаги туризм алоқалари янги босқичга кўтарилмоқда

ТОШКЕНТ, 21 февраль. /“Дунё” АА/. Ироқнинг “Al Luma Travel and Ttourism company” компанияси раҳбари Лума Субҳи Ал-Балдавий мамлакатимиз туризм соҳаси вакиллари билан алоқа ўрнатиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф давомида Ўзбекистон Туризм қўмитаси мутасаддилари билан учрашув ўтказилди. Меҳмонлар аввал ҳам юртимизда бўлганини таъкидлаб, сўнги ўн йилликда Ўзбекистонда мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилганини қайд этди.

“Тарихдан маълумки, юртингиз дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккирлар ватани ҳисобланади. Улар қолдирган буюк мерос, бой маданият ва албатта гўзал табиат ҳар қандай сайёҳни ўзига жалб қила олади”, дея фикр билдирди Лума Субҳи Ал-Балдавий.

Учрашув давомида хорижий компания вакилларига Ўзбекистонда туризм салоҳияти ва имкониятлари, бугунги кунда сайёҳларга таклиф этилаётган хизматлар тўғрисида маълумот берилди.

Келгусида “Al Luma Travel and Ttourism company” томонидан Ўзбекистонга сайёҳларни юбориш, бунда маҳаллий туроператорлар билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича келишувга эришилди.

Шундан сўнг, делегация аъзолари ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Дипломатик сервис хизмати” ДУК вакиллари билан мулоқот ташкил этилди.

Суҳбат давомида Ўзбекистонга туристлар оқимини кўпайтириш, мамлакатимиз туризм салоҳиятини Ироқ бозорида кенг тарғиб қилиш ҳамда дипломатик сервис хизмати ва мазкур туристик компания ўртасида ўзаро манфаатли ҳамда узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Ироқ фуқаролари учун виза расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш ва ташкилий масалалар юзасидан фикр алмашилди.

“Al Luma Travel and Ttourism company” компанияси 2017 йилда Ироқда ташкил этилган. 2019 йилда ўз фаолиятини кенгайтириб, Ўмон Султонлигида ҳам ўз филиалини очган. Ҳозирда минтақадан дунёнинг турли йўналишлари бўйича сайёҳларни жўнатиш билан шуғулланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш