Қатар туроператорлари Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини ўрганмоқда
Ноябрь 24, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 242ТОШКЕНТ, 24 ноябрь. /“Дунё” АА/. Чиқувчи туризм соҳасида фаолият юритувчи Қатарнинг энг йирик туроператорлари ва сайёҳлик агентликлари вакилларидан иборат делегация 19–26 ноябрь кунлари танишув тури (Fam Tour) билан Ўзбекистонда бўлиб турибди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Меҳмонлар мамлакатимиз имкониятлари билан яқиндан танишмоқда ва ўзбекистонлик ҳамкасблари билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўймоқда.
Делегация таркибидан “Ali Bin Ali Holidays”, “Mannai Travel”, “NBK Travel & Tourism”, “Akbar Holidays”, “Mosafer Travel & Tourism”, “Darwish Travel”, “Ready To Fly Travel and Tours” ҳамда “Kings Travel” компаниялари вакиллари ўрин олган. Ташриф Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонаси кўмагида ўзбек туристик маҳсулотларини Қатар бозорида тарғиб қилиш ҳамда ушбу мамлакатдан келадиган сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Дастур Ўзбекистон Туризм қўмитаси раҳбарияти билан учрашувдан бошланди. Томонлар мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини Қатарда кенг тарғиб қилиш, икки давлат туроператорлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва сайёҳлар алмашинувини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Меҳмонлар Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Самарқанд ва Бухорода бўлиб, маданий мерос объектлари, тарихий обидалар, замонавий туризм инфратузилмаси, савдо-ишбилармонлик мажмуалари ҳамда кўнгилочар марказлар билан танишадилар. Бунда Ўзбекистон нафақат тарихий ва зиёрат туризми, балки тоғ-чанғи, экологик, мавсумий, гастрономик ва оилавий дам олиш йўналишларини ҳам таклиф этишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Делегация аъзолари учун маҳаллий туроператорлар, етакчи халқаро меҳмонхона ва ресторанлар тармоқлари ҳамда соҳанинг бошқа компаниялари билан B2B ва G2B шаклидаги учрашувлар ташкил этилмоқда. Ушбу мулоқотлардан кўзланган мақсад тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш, янги йўналишларни ишлаб чиқиш, тажриба алмашиш ва тижорий келишувларга эришишдан иборат.
25 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтадиган “Ипак йўлида туризм – TITF 2026” халқаро туризм ярмаркасида қатарлик меҳмонлар ҳам иштирок этадилар. Ярмарка майдонида қўшма лойиҳалар ва туристик пакетларни ишлаб чиқишга қаратилган B2B учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Қайд этилишича, қатарлик сайёҳларда Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихи, ислом цивилизацияси билан боғлиқ муқаддас қадамжолар, меъморий обидалар, миллий ошхонамиз ва халқимизнинг меҳмондўстлиги катта қизиқиш уйғотмоқда. Ташриф якунлари бўйича делегация иштирокчилари ўз мижозларига Ўзбекистон йўналишларини таклиф этишни ва янги турларни шакллантиришни режалаштирмоқдалар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси






