Япониялик мактаб ўқувчилари учун Ўзбекистонга таълим саёҳатлари ташкил этилади

Ноябрь 21, 2026. 15:30 • 2 дақ

• 201
Япониялик мактаб ўқувчилари учун Ўзбекистонга таълим саёҳатлари ташкил этилади

ТОКИО, 21 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Япониянинг йирик сайёҳлик компанияларидан бири — “Tobu Top Tours Co., Ltd.” вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокараларда Япониядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш, янги турпакетлар ишлаб чиқиш ҳамда япониялик мактаб ўқувчилари учун таълим саёҳатларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Японияда хорижга таълим саёҳатларини уюштириш мактаб таълимининг муҳим қисми ҳисобланади. Япония Таълим вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 ўқув йилида 709 та мактабнинг 70 минг нафар ўқувчиси 29 та давлатга сафар қилган. Иштирокчилар 2025 йил март ойида Осака шаҳридаги “Seikyo Gakuen” мактабининг 50 га яқин ўқувчи ва ўқитувчилари Ўзбекистонга ташриф буюриб, Тошкент ва Самарқанднинг тарихий обидалари, маданияти ҳамда анъаналари билан танишгани бўйича муваффақиятли тажрибани алоҳида қайд этдилар.

Компания вакиллари Ўзбекистоннинг Буюк ипак йўли тарихидаги ўрни, бой маданий мероси ва хавфсиз йўналиш сифатидаги нуфузи уни япониялик ёшлар учун жозибадор қилишини таъкидлаб, мамлакатимизни таълим саёҳатлари йўналишлари қаторига киритишни режалаштираётганликларини билдирдилар.

Шунингдек ўқинг

Учрашув якунида 2027 йилда Токиодаги иккита мактабнинг 130 нафар ўқувчиси учун Ўзбекистонга таълим саёҳатини ташкил этишга келишиб олинди. Бунда бошланғич синфларнинг 50 нафар ўқувчиси учун олти кунлик, юқори синф ўқувчилари учун эса саккиз кунлик дастур ишлаб чиқилиб, Тошкент, Самарқанд ва бошқа ҳудудларга ташрифлар амалга оширилади.

Шунингдек, жорий йил декабрь ойида Токиодаги иккита мактабда Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти тақдимоти ўтказилади, 2027 йилнинг биринчи чорагида эса Токио мактабларининг 30 га яқин директорлари учун мамлакатимизга танишув сафари ташкил этилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш