Жазоир Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноатидаги тажрибасига катта қизиқиш билдирди
Май 08, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 500
ЖАЗОИР, 8 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Мансурбек Қиличев (қароргоҳи Қоҳира шаҳрида) Жазоирнинг кончилик ва тоғ-кон саноати вазири Мурод Ҳанифий билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида томонлар тоғ-кон саноати ва геология-қидирув соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Ўзбекистон ва Жазоирнинг ушбу йўналишда ҳали ишга солинмаган кўплаб лойиҳалар мавжудлиги таъкидланди.
Жазоир томони яқинда Энергетика ва кончилик вазирлиги алоҳида тузилмага ажратилгани муносабати билан хорижий давлатлар, айниқса, Ўзбекистон билан тоғ-кон ва геология соҳаларида шерикликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Жазоир ҳудуди бўйича Африканинг энг йирик давлати бўлиб, фосфатлар, темир, рух ва бошқа фойдали қазилмаларни ўз ичига олган улкан табиий ресурс захирасига эга. Мамлакатда хорижий ҳамкорлар иштирокида хомашёни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Мулоқот чоғида Жазоир геология-қидирув ва тоғ-кон саноати соҳасида замонавий технологиялар ҳамда илғор ечимларга эҳтиёж сезаётгани, ушбу йўналишда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор экани қайд этилди.
Вазир 2025 йилда мамлакатнинг тоғ-кон саноатида минерал ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва соҳани бошқариш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонунчилик ислоҳотлари амалга оширилганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, ушбу ўзгаришлар соҳа ривожланишининг янги босқичини очиб беради. Бунда давлат бир вақтнинг ўзида стратегик назоратни сақлаб қолган ҳолда, хорижий капитал ва замонавий технологияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитларни шакллантиради.
Жазоир томони, шунингдек, қўшма геология-қидирув ишларини олиб бориш, кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик қилиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда Жазоир ва Африканинг бошқа мамлакатлари учун уран етказиб бериш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси