Мадридда Амир Темур меросига бағишланган халқаро конференция ўтказилди
Май 10, 2026. 10:55 • 2 дақ
• 59МАДРИД, 10 май. /“Дунё” АА/. Испаниянинг етакчи “El Mundo Financiero” нашрида Мадрид шаҳрида Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб ўтказилган тадбир ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Мадрид шаҳридаги нуфузли “Casa Árabe” маданий марказида буюк давлат арбоби, моҳир саркарда, қудратли давлат асосчиси ва жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахс Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон, Испания ва бошқа давлатлардан келган олимлар, маданият ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Жумладан, юртимизнинг Испаниядаги элчиси Фаррух Турсунов, Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султанов, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухаликов, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев, испаниялик ёзувчи Хесус Санчес Адалид, Шарқшунослар ассоциацияси бош котиби Хесус Хиль Фуэнсанта, “La Temurid” уюшмаси президенти Фредерик Брессанд ва бошқа халқаро экспертлар маъруза қилди.
Анжуман Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган кенг кўламли тадбирларнинг мантиқий давоми бўлди. Апрель ойи Амир Темур ойи деб эълон қилиниб, юбилей тадбирлари Ўзбекистон ва хорижда юқори даражада нишонланди.
Муаллифнинг таъкидлашича, конференциянинг айнан Испанияда ўтказилгани унга алоҳида рамзий маъно бағишлади. Зеро, бу мамлакат Самарқандга ташриф буюрган ва Амир Темур давлати ҳақида қимматли тарихий маълумотлар қолдирган машҳур испаниялик элчи Руй Гонсалес де Клавихо ватани ҳисобланади. Унинг асарлари Темурийлар даври тарихини ўрганишда энг муҳим манбалардан бири сифатида эътироф этилади.
Форумда Осиё, Европа Иттифоқи ва Лотин Америкаси давлатларидан 70 дан ортиқ олимлар, тадқиқотчилар, дипломатлар ва маданият намояндалари иштирок этди. Бу эса Амир Темур шахси ва Темурийлар меросига бўлган халқаро қизиқиш юқори эканидан далолат.
Мадридда ўтказилган мазкур халқаро конференция Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг халқаро миқёсда нишонланаётганининг яна бир ёрқин намунаси бўлиб, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Халқаро тадбирнинг Испанияда, Клавихо номи билан боғлиқ тарихий заминда ўтказилгани эса Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўп асрлик мулоқот анъаналари бугун ҳам давом этаётганини яна бир бор намоён этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


