Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида тиббиёт технологиялари бўйича илмий ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ноябрь 04, 2026. 18:30 • 2 дақ
•
МИНСК, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. Самарқанд давлат тиббиёт университети вакилларидан иборат делегация Беларусь Миллий фанлар академиясининг Генетика ва цитология институтига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда Ўзбекистон ва Беларусь тиббиёт тизимларига замонавий ДНК-диагностика усулларини кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Юртимиз делегацияси вакиллари ушбу тиббиёт муассасаси олимларининг илмий-амалий фаолияти, Республика геном биотехнологиялари маркази ҳамда Микробиомни ўрганиш республика марказининг имкониятлари билан яқиндан танишди.
Ўзбекистонлик мутахассисларга геном технологиялари, персоналлаштирилган тиббиёт ва молекуляр-генетик диагностика соҳасидаги сўнгги ишланмалар ҳамда замонавий жиҳозлар намойиш этилди.
Томонлар қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик битими лойиҳасини тайёрлашга келишиб олди. Ушбу ҳужжатда соғлиқни сақлаш соҳасида замонавий ДНК-диагностика усулларини ривожлантириш ва амалиётга жорий этиш бўйича биргаликда иш олиб бориш белгиланган.
Илмий муассаса вакилларининг таъкидлашича, ушбу хизмат сафари икки давлат ўртасидаги илмий-таълим алоқаларини янада кенгайтириш ҳамда тиббий генетика соҳасидаги халқаро шерикликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси