Осака ишбилармон доираларининг бизнес миссияси Ўзбекистонга ташриф буюради

Ноябрь 04, 2026. 16:00 • 2 дақ

• 102
Осака ишбилармон доираларининг бизнес миссияси Ўзбекистонга ташриф буюради

ТОКИО, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси дипломатлари Осака шаҳрига ташрифи доирасида шаҳар Савдо-саноат палатаси (OCCI) Халқаро ишлар департаменти директори Нобуюки Ишии билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Осака префектураси ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, япон компанияларини юртимиздаги инвестиция лойиҳаларига жалб этиш ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Нобуюки Ишии Ўзбекистоннинг 2025 йилда Осака шаҳрида ўтказилган EXPO халқаро кўргазмасидаги иштироки мамлакатимизнинг Япониядаги имижини оширишга хизмат қилганини таъкидлади.

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни элчихона, OCCI ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ҳамкорлигида Ўзбекистон тўқимачилик саноатига бағишлаб ўтказилган бизнес-форумнинг аҳамияти қайд этилди. Мазкур тадбир япон компанияларини Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш ва инвестициявий имкониятлари билан таништириш, тадбиркорлар ўртасида B2B форматидаги музокараларни ташкил этишга хизмат қилган.

Учрашувда кимё саноати, критик минераллар, ахборот технологиялари, туризм ва меҳмонхона инфратузилмаси ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида белгиланди. Япон компанияларининг Ўзбекистонда IT соҳасини ривожлантириш, малакали кадрлар салоҳиятидан фойдаланиш ва янги бизнес лойиҳаларини амалга оширишга бўлган қизиқишига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек ўқинг

Музокаралар чоғида 2027 йилда Осака шаҳрида Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятига бағишланган бизнес-семинарлар ўтказиш, тўқимачилик маҳсулотлари кўргазмасини ташкил этиш ҳамда япон компанияларига мамлакатимизнинг устувор тармоқларидаги имкониятларни тақдим этиш масалалари муҳокама қилинди. OCCI ушбу тадбирларни ташкил этишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Япон компанияларининг қизиқишини ўрганиш ва уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 2027 йилда Осака ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистонга бизнес-миссиясини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Сафар доирасида давлат идоралари ва маҳаллий корхоналар билан учрашувлар, ишлаб чиқариш объектларига ташрифлар ҳамда B2B шаклидаги музокаралар ўтказиш назарда тутилмоқда.

Осака префектураси Япониянинг Токиодан кейинги иккинчи йирик иқтисодий маркази ҳисобланади. 2025 йилда ҳудуднинг номинал ялпи ҳудудий маҳсулоти 281,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, йиллик 4,3 фоиз ўсиш қайд этилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш