Қозонда Ўзбек тили байрами нишонланди

Ноябрь 04, 2026. 17:00 • 2 дақ

• 13
 Қозонда Ўзбек тили байрами нишонланди
 Қозонда Ўзбек тили байрами нишонланди
 Қозонда Ўзбек тили байрами нишонланди
 Қозонда Ўзбек тили байрами нишонланди

ҚОЗОН, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. Қозон (Волгабўйи) федерал университети қошидаги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбек тили ва адабиёти марказида Ўзбек тили байрамига бағишланган “Тил – дил калити, миллат кўрки” мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Қозон федерал университетининг Филология ҳамда маданиятлараро мулоқот институти кўмагида, Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчилари делегацияси иштирокида ташкил этилди.

Мирзо Улуғбек номидаги марказ 2022 йилнинг декабрь ойида ташкил этилган. У Татаристонда ўзбек тили ва маданиятини оммалаштириш ҳамда ривожлантириш, Ўзбекистоннинг илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Тадбир доирасида ўзбек тилида шеърлар ўқилди, ўзбек тилининг келиб чиқиш тарихи, унинг маданият ва миллий қадриятларни асраб-авайлашдаги аҳамияти ҳақида маърузалар тингланди. Ўзбек тили халқнинг маънавий бойлиги, мустақиллик ва миллий бирлик рамзи экани эътироф этилди.

Иштирокчилар олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларнинг янги йўналишини талабалар академик алмашинуви шаклида ривожлантириш, талаба-ёшларнинг миллий-маданий тадбирларда фаол иштирок этиши муҳимлигини таъкидлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш