Ўзбекистон ва Германия аграр марказ ташкил этиш масаласи ҳамда қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди
Ноябрь 05, 2026. 13:00 • 3 дақ
• 89
БЕРЛИН, 5 ноябрь. /“Дунё” АА/. Немис делегациясининг юртимизга ташрифи давомида Ўзбекистон–Германия қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, инвестициялар жалб қилиш ва аграр таълимни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Делегацияга Германия Бундестаги депутати, Федерал озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва ҳудудий ўзига хослик вазирлигининг парламент давлат котиби Мартина Энглҳардт-Копф бошчилик қилди. Унга немис ишбилармон ва илмий доиралари вакиллари ҳамроҳлик қилди.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг Германия делегацияси билан бўлиб ўтган музокараларида фермер хўжаликларини молиялаштириш, аграр кредитлаш, кооперативларни бошқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини кенгайтириш ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази (AKIS) негизида Германия аграр марказини ташкил этиш, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида агротехнологиялар алмашинуви учун минтақавий платформани яратиш ташаббуслари илгари сурилди.
Таълим соҳасида Вайнштефан–Триздорф амалий фанлар университети билан ҳамкорликда 200 бош қорамолга мўлжалланган ферма ва 50 гектарлик тажриба даласига эга ўқув-амалиёт марказини ташкил этиш имконияти кўриб чиқилди.
Илмий ҳамкорлик доирасида Юлиус Кюн институти билан шоли майдонларида тупроқ унумдорлигини сақлаш, Хоэнхайм университети билан эса ингичка толали ғўза етиштиришда сувни тежовчи ва рақамли технологияларни қўллаш бўйича тадқиқотлар ўтказиш кўзда тутилган.
Делегация Ўзбекистон фермерлари кенгаши раиси Актам Хаитов билан ҳам учрашди. Томонлар фермер хўжаликлари самарадорлигини ошириш, хорижий тажрибани жорий этиш ҳамда илмий-таълим алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқди.
27 октябрь куни Тошкент давлат аграр университетида икки мамлакат давлат идоралари, илмий муассасалари, олий ўқув юртлари ва бизнес вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Германия аграр-иқтисодий форуми бўлиб ўтди.
Учрашувда қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, рақамли деҳқончилик, чорвачиликни модернизация қилиш, сут ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда ҳайвонларни рақамли идентификация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, сифатли уруғлик етиштириш, картошканинг соғлом мини-туганакларини кўпайтириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, делегация Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”)га ташриф буюриб, барқарор қишлоқ хўжалиги, экологик инновациялар ва академик алмашинув соҳаларидаги қўшма тадқиқотлар бўйича фикр алмашди.
Ташриф якунлари бўйича томонлар илмий ва таълим муассасалари, бизнес ҳамда соҳавий ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси