“Насаф” сафарда суперкамбэк билан ғалаба қозонди
Ноябрь 05, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 45АЛ-КУВАЙТ, 5 ноябрь. /“Дунё” АА/. Осиё Чемпионлар лигаси-2 мусобақаси гуруҳ босқичининг 4-турида Қаршининг “Насаф” жамоаси сафарда Қувайтнинг “Кувайт СК” клубини суперкамбэк билан 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Насаф” икки кун аввал Ал-Кувайт шаҳрида мухлислар билан учрашувда ушбу ўйинга жиддий тайёргарлик кўрилаётгани ва реванш учун бор кучини сарфлашини таъкидлаганди. Улар ўз сўзининг устидан чиқишди.
Ўйин мезбонлар учун муваффақиятли бошланди. Биринчи бўлимнинг 27-дақиқасида Ясин Ҳениси ҳамда 34-дақиқада Муҳаммад Фреах “Насаф” дарвозасига гол уриб, ўз жамоасининг яққол устунлигини таъминлади.
Бироқ иккинчи бўлимда “Насаф” ташаббусни қўлга олди. Бобур Абдухолиқов 57 ва 67-дақиқаларда дубл қайд этиб, ҳисобни тенглаштирди. 81-дақиқада Ойбек Рустамов ғалаба голини киритиб, қаршиликларга муҳим уч очкони тақдим этди.
Турнинг иккинчи баҳсида “Ал-Холидия” сафарда “Ал-Ваҳда”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Натижада “Ал-Ваҳда” 9 очко билан гуруҳ пешқадами бўлиб турибди. “Кувайт СК” 6 очко билан иккинчи, “Насаф” ва “Ал-Холидия” эса 4 очкодан жамғарган.
“Насаф” гуруҳ босқичининг навбатдаги учрашувини 25 ноябрь куни Қаршида “Ал-Холидия”га қарши ўтказади. Баҳс Тошкент вақти билан соат 18:45 да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган жамоалар плей-офф босқичига йўл олади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




