Лондондаги нуфузли туристик кўргазмада Ўзбекистон миллий стенди ташкил этилди
Ноябрь 05, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 51ЛОНДОН, 5 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Буюк Британия пойтахтида ўтказилаётган “World Travel Market London 2026” халқаро сайёҳлик кўргазмасида миллий стенд билан иштирок этмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимиз делегацияси таркибига Туризм қўмитаси, “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси, шунингдек, ўндан ортиқ етакчи маҳаллий туроператорлар ва сайёҳлик компаниялари вакиллари кирди.
Жорий йилги миллий стенд концепцияси Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, кўп асрлик анъаналари ва халқ амалий санъатига асосланган. Уни безатишда миллий нақшлар, шарқона декор элементлари ҳамда анъанавий ҳунармандчилик мотивларидан кенг фойдаланилган.
Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг архитектура мероси, Шаҳрисабзнинг тарихий ёдгорликлари, Термезнинг буддавийлик мероси ҳамда Қўқон хонлиги архитектурасига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, меҳмонларга Марғилонда атлас ва адрас тўқиш анъаналари, Риштон кулолчилик мактаби, Наманган гулчилик маданияти, Андижон тарихи ва Бобурийлар мероси ҳақида батафсил сўзлаб берилмоқда.
Табиий ва экологик туризм йўналиши Жиззах вилоятидаги Зомин миллий табиий боғи, Навоий вилоятидаги Нурота тоғлари ва Сармишсой петроглифлари, Қашқадарё вилоятининг тоғли ҳудудлари ҳамда Сурхондарё вилоятининг Бойсун маданий макони мисолида намойиш этилмоқда. Бундан ташқари, Тошкент вилоятидаги Чорвоқ, шунингдек, Қорақалпоғистондаги Мўйноқ ва Оролбўйи минтақасининг туристик салоҳияти тақдим қилинди.
Кўргазма доирасида Ўзбекистон вакиллари хорижий туроператорлар, сайёҳлик компаниялари ва соҳа экспертлари билан қатор учрашувлар ўтказмоқда. Музокараларнинг асосий мавзулари ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш, янги туристик йўналишларни ишлаб чиқиш ҳамда мамлакатимизга кўпроқ хорижий сайёҳларни жалб қилишдан иборат.
“World Travel Market London” жаҳон сайёҳлик индустриясининг етакчи халқаро тадбирларидан биридир. 2026 йилги кўргазмада 180 дан ортиқ мамлакатдан вакиллар, 4 мингдан зиёд экспонент ҳамда 46 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



