Франкфурт-Майн шаҳрида Ўзбекистон ва Германия ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди
Июнь 11, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 96
ФРАНКФУРТ-МАЙН, 11 июнь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари нуфузли “MÜSIAD Hessen” ташкилоти раҳбарияти билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида “MÜSIAD Hessen” вакиллари Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқалари тобора ривожланиб бораётганини таъкидлади. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда стратегик аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Томонлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, жумладан ўзбек маҳсулотларининг Германия бозорига экспортини кенгайтириш, икки мамлакат корхоналари ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш, Ўзбекистон иқтисодиётига немис инвестицияларини жалб қилиш, меҳнат миграцияси, кадрлар тайёрлаш ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни атрофлича муҳокама қилди.
Ўзбекистон ва Германия ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, қўшма ишбилармонлик тадбирларини ташкил этиш, тижорат таклифларини алмашиш ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар давомида “MÜSIAD Hessen” делегациясининг Тошкент ва Бухоро вилоятларига ташрифини ташкил этиш, Ўзбекистон давлат тузилмалари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида қўшма бизнес-форум ўтказиш масалаларида турли келишувларга эришилди.
Учрашув якунлари бўйича шерикликни янада кенгайтириш, мунтазам ишчи алоқаларни қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон–Германия муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган қўшма ташаббусларни амалга оширишдан икки томон ҳам манфаатдор экани эътироф қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси