Кембриж университети билан суд-ҳуқуқ соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилади

Август 14, 2026. 09:30 • 2 дақ

107
Кембриж университети билан суд-ҳуқуқ соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилади

ЛОНДОН, 14 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Равшан Усманов Кембриж университетининг “Judge Business School” бизнес мактаби қошидаги Муқобил молия маркази директор ўринбосари, профессор Дуглас Арнер билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқотда Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, суд ҳокимияти мустақиллиги, одил судлов самарадорлиги ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Дуглас Арнер Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳолаб, Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Шунингдек ўқинг

Унинг таъкидлашича, марказнинг фаолияти хорижий инвесторлар учун барқарор ва қулай ҳуқуқий муҳит яратиш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда замонавий молиявий хизматлар инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилиши мумкин.

Учрашувда Англия ва Уэльс умумий ҳуқуқи (Common Law) тамойилларидан фойдаланишнинг аҳамияти хусусида сўз юритилди. Қайд этилганидек, ушбу ёндашув халқаро инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш, тижорат низоларини ҳал этишнинг шаффоф ва прогноз қилинадиган механизмларини шакллантириш, марказнинг халқаро молия бозоридаги рақобатбардошлигини оширишга замин яратади.

Музокаралар якунида судьялар малакасини ошириш, суд тизимида рақамлаштириш жараёнларини кенгайтириш ва ҳуқуқий институтларни такомиллаштириш бўйича тажриба алмашишни йўлга қўйишга келишилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш