Россиянинг Приморье ўлкасида Ўзбекистон савдо уйини очиш масаласи муҳокама қилинди
Август 10, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 14
ВЛАДИВОСТОК, 10 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консули Ҳожиакбар Ваҳобов Приморье ўлкаси саноат ва савдо вазири Сергей Калитин билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув чоғида Ўзбекистон томони мамлакатимизда ташқи савдо соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилаётган имтиёзлар ҳақида маълумот берди.
Савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Приморье ўлкаси ҳудудига экспорт қилишни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ўзбекистон савдо уйини очиш, миллий маҳсулотлар шоуруми ва ярмаркаларини ташкил этиш, тадбиркорлар иштирокида ўзаро бизнес-миссиялар ҳамда Владивостокда бизнес-форум ўтказиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Сергей Калитин Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолаб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурди.
Хусусан, Приморье ўлкасида ўзбекистонлик тадбиркорлар билан биргаликда болалар ва мактаб мебеллари, шунингдек, музлаткич, кондиционер ва телевизорлар каби бир қатор электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш таклиф қилинди.
Музокараларда томонлар муҳокама қилинган истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ва икки ҳудуд ишбилармон доиралари ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотни фаоллаштириш бўйича амалий саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси