Ўзбекистон ва Хитой чорвачилик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Май 18, 2026. 09:55 • 2 дақ
• 56
ПЕКИН, 18 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Хитой миллий чорвачилик ассоциацияси бош котиби Ша Юйшэнь билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида чорвачилик соҳасида Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида Хитой миллий чорвачилик ассоциацияси билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Томонлар илғор тажриба алмашиш, Хитой тажрибасини Ўзбекистон шароитига мослаштириш ҳамда чорвачилик соҳасида қўшма илмий-техник ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Шунингдек, ҳамкорликни ривожлантириш доирасида ўзбекистонлик мутахассислар 18-20 май кунлари Сичуань провинциясининг Чэнду шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро чорвачилик кўргазмасида иштирок этмоқда.
Ушбу тадбир Осиёнинг энг йирик ва нуфузли тармоқ майдонларидан бири ҳисобланади. Кўргазмада анъанавий тарзда етакчи компаниялар, илмий-тадқиқот институтлари, ускуналар ишлаб чиқарувчилар ва халқаро харидорлар иштирок этмоқда. Кўргазма чорвачилик ва паррандачилик, селекция ишлари, озуқа ва озуқа қўшимчалари, ветеринария ва ҳайвонлар саломатлиги, ихтисослаштирилган техника ва технологиялар, шунингдек, соҳа учун экологик ечимлар каби йўналишларни қамраб олади.
Бундан ташқари, кўргазма доирасида чорвачилик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон-Хитой форумини ўтказиш режалаштирилган. Форум Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси ва Хитой миллий чорвачилик ассоциацияси ҳамкорлигида ташкил этилади.
Унда Ўзбекистон вазирлик ва идоралари, тегишли ташкилотлар, ветеринария хизматлари, ҳудудий ҳокимликлар, илмий доиралар ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Варшавада Ўзбекистон–Польша ишбилармонлик алоқаларини янада ривожлантиришнинг истиқболлари кўриб чиқилди

Шанхай ишбилармон доиралари Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳиятига қизиқиш билдирмоқда


