Германиядан муносабат: ТДТ Евроосиёда муҳим геоиқтисодий ҳамкорлик платформасига айланмоқда
Май 18, 2026. 10:25 • 3 дақ
• 2
БЕРЛИН, 18 май. /“Дунё” АА/. Германиянинг Ҳессен федерал ўлкаси давлат канцеляриясининг Европа масалалари ва халқаро ҳамкорлик департаменти собиқ раҳбари Михаэль Борхманн “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 15 май куни Туркистон шаҳрига амалга оширган хизмат сафари ва Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитидаги иштироки юзасидан фикр билдирди:
– Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида ТДТ норасмий саммити бўлиб ўтгани ҳақидаги хабарни олгач, ушбу ташкилотнинг шаклланиш тарихи, тараққиёт босқичлари ва халқаро майдондаги ўрни ҳақида яна бир бор тафаккур юритишга тўғри келади.
Туркий тилли давлатлар раҳбарларининг учрашувлари 1992 йилдан буён мунтазам равишда ўтказиб келинган. Ушбу жараён изчил ривожланиб, 2009 йилда Нахичевань саммити доирасида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг расман ташкил этилиши билан янги босқичга кўтарилди. 2021 йил ноябрь ойида эса мазкур тузилма Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) номи билан қайта ташкил этилди.
Бугунги кунда ташкилот фаолияти институционал тизимни мустаҳкамлаш, ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш ва давлатлар ўртасидаги алоқаларни янада чуқурлаштириш билан ажралиб турибди. Ташкилотнинг асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Унинг таркибига Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо ҳисобланади, Туркманистон ҳамда Венгрия эса кузатувчи мақомида иштирок этади. Бу ҳудуд 170 миллиондан ортиқ аҳолини қамраб олиб, Евроосиё маконида муҳим геоиқтисодий боғловчи макон ҳисобланади.
Ўзбекистон ташкилот доирасида Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида фаол ва ташаббускор давлат сифатида намоён бўлиб келмоқда. Мамлакат томонидан илгари сурилган юздан ортиқ ташаббуснинг катта қисми амалга оширилгани ҳам буни тасдиқлайди.
Айниқса, 2022 йилда Самарқандда ўтказилган нуфузли саммит алоҳида аҳамиятга эга. Унда ўндан ортиқ муҳим ҳужжат имзоланиб, асосий натижа сифатида Самарқанд декларацияси қабул қилинган. Ушбу ҳужжат 2022–2026 йиллар давридаги ҳамкорлик йўналишларини белгилаб бериб, ташкилотнинг 2040 йилгача мўлжалланган стратегик қарашлари билан уйғунлашган.
Туркистонда бўлиб ўтган ушбу саммитнинг асосий эътибори сунъий интеллект ва рақамли трансформация масалаларига қаратилди. Бу эса иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва минтақавий боғлиқликни кучайтиришга хизмат қилади. Бугунги кунда энг тез ривожланаётган соҳалардан бири бўлган рақамли трансформация ТДТ кун тартибида марказий ўринга чиқмоқда.
Электрон ҳукумат, рақамли хизматлар ва IT-стартаплар соҳасидаги ҳамкорлик чуқурлашиб бораётгани давлат бошқарувини модернизация қилиш ва иқтисодий самарадорликни оширишга хизмат қилмоқда.
Мухтасар айтганда, Туркистон саммити ТДТ ривожида навбатдаги муҳим босқич бўлиб, глобал трансформация жараёнлари фонида минтақавий ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Боку – WUF-13: барча муносиб уй-жой, хавфсиз ва барқарор шаҳарларда яшашга ҳақли

Варшавадан муносабат: ТДТ сунъий интеллект ва рақамли ривожланишга устувор аҳамият қаратмоқда


