Ўзбекистон ва Маврикий савдо-иқтисодий ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ниятида
Сентябрь 21, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 7
ИСЛОМБОД, 21 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Маврикийнинг Покистондаги элчиси Мунсоо Курримбаккус билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, иқтисодиётнинг ўсиши, хорижий инвесторлар ва тадбиркорлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ва имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Маврикий ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболлари, хусусан, туризм, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Маврикий элчиси Ўзбекистон билан ҳамкорликни фаоллаштириш ўз мамлакати раҳбарияти диққат марказида турганини таъкидлади.
Мунсоо Курримбаккуснинг таъкидлашича, Ўзбекистон билан яқин алоқалар ўрнатиш жуда муҳим. Шу мақсадда, жорий йил декабрь ойидан бошлаб Порт-Луи ва Тошкент шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.
Мазкур йўналишнинг очилиши келгусида сайёҳлик, ишбилармонлик, гуманитар муносабатларни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон ва Маврикий ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун ҳам шароит яратади.
Музокаралар чоғида ҳалол туризмни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Маврикийда мусулмон аҳолининг салмоғи сезиларли экани ва ҳалол туризм инфратузилмаси ривожланган мамлакатларга туристик йўналишларни кенгайтиришга қизиқиш мавжудлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистондан Маврикий бозорига ҳалол гўшт ва колбаса маҳсулотларини экспорт қилишни йўлга қўйиш хусусида фикр алмашилди. Маврикий Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларининг Африка давлатлари бозорларига чиқиши учун истиқболли майдон сифатида ҳам қизиқиш уйғотади.
Учрашув якунида бизнес-делегацияларнинг ўзаро ташрифини ташкил этиш, икки мамлакат туризм ташкилотлари ўртасида онлайн суҳбатлар ташкил этиш, қўшма туристик тақдимотлар ва “road show” тадбирларини ўтказиш бўйича таклифлар қўллаб-қувватланди.
Ўзбекистон ва Маврикий ўртасида дипломатик муносабатлар 1999 йил 4 августда ўрнатилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси