Ўзбекистон ва Сурия Қўшма иқтисодиёт ва савдо қўмитасини ташкил этиш тўғрисида меморандум имзолади
Сентябрь 20, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 54
ТОШКЕНТ, 20 сентябрь. /“Дунё” АА/. Сурия иқтисодиёт ва саноат вазири Нидаль аш-Шаар бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида Нидаль аш-Шаар Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов билан музокара ўтказди.
Томонлар инвестицияларни жалб қилиш механизми, саноат ва савдо лойиҳаларини ривожлантириш, инвесторлар учун имкониятларни аниқлашдан тортиб лойиҳаларни амалга оширишгача бўлган жараённи соддалаштириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини муҳокама қилди.
Музокаралар якунида идоралар Қўшма иқтисодиёт ва савдо қўмитасини ташкил этиш тўғрисида меморандум имзолади. У ахборот алмашиш, бизнес учун янги имкониятларни излаш, юзага келадиган масалаларни ҳал қилиш, савдо ва ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар тайёрлаш билан шуғулланади.
Қўмита йиғилишларини ҳар йили навбатма-навбат Сурия ва Ўзбекистонда хусусий сектор вакиллари иштирокида ўтказиш режалаштирилган.
Сурия томони Ўзбекистоннинг саноатни ривожлантириш тажрибасини ўрганиб, қўлланилаётган моделларни Сурия эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда мослаштириш, жумладан, саноатнинг рақобатбардошлигини ошириш ва ишлаб чиқаришни кўпайтириш имкониятларини муҳокама қилди.
19 сентябрь куни Тошкентда Ўзбекистон–Сурия бизнес-форуми бўлиб ўтди. Сурия томонидан тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, электротехника ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи 30 дан ортиқ йирик компания раҳбарлари иштирок этди.
Мулоқот давомида кўргазма соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Сурия Кўргазмалар ва халқаро бозорлар бош бошқармаси бош директори Муҳаммад Ҳамза Дамашқда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” кўргазмасини ўтказиш, икки мамлакат кўргазмаларида миллий павильонлар ташкил этиш, иқтисодий форумлар ва тўғридан-тўғри ишбилармонлик учрашувларини уюштириш масалаларини муҳокама қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси