Ўзбекистон ва Омск аграр университети қишлоқ хўжалиги соҳасида янги лойиҳаларни белгилаб олди

Октябрь 05, 2026. 12:00 • 2 дақ

• 6
Ўзбекистон ва Омск аграр университети қишлоқ хўжалиги соҳасида янги лойиҳаларни белгилаб олди

ОМСК, 5 октябрь. /“Дунё” АА/. Россиянинг Омск давлат аграр университетида мамлакатимизнинг ушбу мамлакатдаги элчиси Ботиржон Асадов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар чоғида томонлар таълим ва қишлоқ хўжалигига рақамли технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Университетнинг таълим фаолияти бўйича проректори Светлана Комарова кадрлар тайёрлаш борасидаги ташаббусларни тақдим этган бўлса, илмий ишлар бўйича проректор Наталья Гоман олий ўғизнинг илмий салоҳияти ҳақида сўзлаб берди.

Учрашувда қишлоқ хўжалиги ўсимликларини биргаликда селекция қилиш, хусусан, мураккаб табиий-иқлим шароитида юқори ҳосил берадиган ноёб дон ва дуккакли экинлар навларини етиштириш йўналишида улкан салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Шу билан бирга, Омск аграр университети ва Ўзбекистон Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти ўртасидаги самарали ҳамкорлик юқори баҳоланди.

Муҳокамаларнинг асосий мавзуларидан бири “АСУ-АГРО” интеллектуал тизимини жорий этиш масаласи бўлди. Ушбу ишланма чорвачилик мажмуалари ишини автоматлаштириб, ҳайвонларнинг соғлиғини назорат қилиш, сут сифатини баҳолаш ва соғин жараёнини бошқариш имконини беради.

Тадбир якунида аниқ қўшма лойиҳалар белгилаб олинди. Томонлар озуқа базасини ривожлантириш, уруғчилик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда қурғоқчиликка чидамли навларни яратишга эътибор қаратишга келишиб олдилар. Шунингдек, Омск аграр университети Ўзбекистондан келадиган ёшлар учун таълим дастурларини, жумладан, магистратура босқичида ўқишни кенгайтиришни ва яқин вақт ичида республикамизнинг профилли олийгоҳлари билан ўзаро англашув меморандумларини имзолашни режалаштирмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш