Бокуда “Tashkent Content Market” тақдимоти бўлиб ўтди

Октябрь 02, 2026. 18:30 • 2 дақ

• 100
Бокуда “Tashkent Content Market” тақдимоти бўлиб ўтди

БОКУ, 2 октябрь. /“Дунё” АА/. Озарбайжон пойтахтида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (CICA) томонидан “Қутбланган дунёда оммавий ахборот воситалари орқали ишончни мустаҳкамлаш” мавзусида халқаро медиа-форум ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Озарбайжон Медиа ва радиоэшиттириш кенгаши кўмагида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистонда яратилаётган медиа-контентни тарғиб қилиш ва тарқатиш бўйича халқаро платформа – “Tashkent Content Market” (“TCM”) тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Унда маҳаллий ва хорижий ОАВнинг етакчи вакиллари иштирок этди.

Тақдимот давомида иштирокчиларга “Tashkent Content Market” фаолиятининг асосий йўналишлари, халқаро ҳамкорлик имкониятлари, Ўзбекистонда яратилаётган телевидение, ҳужжатли, кўнгилочар ва рақамли контентни хорижий бозорларда илгари суриш истиқболлари ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда телекомпаниялар, медиа платформалар, продюсерлик марказлари ва контент ҳуқуқ эгалари ўртасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчиларга Ўзбекистонда яратилган контентни харид қилиш ва тарқатиш имкониятлари, қўшма медиа лойиҳаларини амалга ошириш салоҳияти ҳақида маълумот тақдим этилди.

“TCM” халқаро иштирокчилари қаторида “Amazon MGM Studios”, “Prime Video”, “BBC Studios”, “CNN”, “Sony”, “Banijay Americas”, “NBCUniversal”, “Netflix”, “Roku”, “YouTube”, “Warner Bros.”, “ZDF”, “Canal+”, “France TV”, “TF1”, “Tencent Video”, “iQIYI”, “mk2” каби йирик компаниялар ва медиа-холдинглар мавжуд.

Шунингдек ўқинг

Тақдимот давомида халқаро компанияларнинг кенг доирадаги иштироки Озарбайжон медиа индустрияси вакиллари учун ҳам янги имкониятлар яратиши таъкидланди.

Озарбайжон телеканаллари, продюсерлик компаниялари ва контент ҳуқуқ эгалари учун “TCM” ўз контентини халқаро аудиторияга тақдим этиш, дистрибуция ва копродукция соҳасида янги ҳамкорлар топиш, Марказий Осиё ва бошқа минтақалардаги компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш имконини беради.

“TCM” МДҲ ҳудудидаги йирик контент маркетларидан бирига айланиши, бир майдонда турли мамлакатларнинг етакчи контент ишлаб чиқарувчилари, телеканаллари, ОТТ-платформалар, дистрибюторлар ва ҳуқуқ эгалари вакилларини бирлаштириши кутилмоқда.

“Tashkent Content Market”да иштирок этиш учун расмий tcm.uz сайти орқали рўйхатдан ўтиш мумкин.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш