Дипломатлар Буюк Британияда таҳсил олаётган ўзбек ёшлари билан суҳбатлашди

Октябрь 05, 2026. 11:30 • 3 дақ

• 93
Дипломатлар Буюк Британияда таҳсил олаётган ўзбек ёшлари билан суҳбатлашди

ЛОНДОН, 5 октябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги элчихонаси дипломатлари Ўзбекистон талабалари уюшмаси (Uzbekistan’s Students Union, UzSU)нинг янги раҳбарияти ҳамда Лондон, Бирмингем, Манчестер, Лидс ва бошқа шаҳарлардаги университетларда таҳсил олаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари билан суҳбатлашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Суҳбат давомида уюшманинг янги раҳбарияти ўз фаолиятининг асосий йўналишлари, 2026–2027-ўқув йилига мўлжалланган режа ва ташаббуслари ҳақида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда UzSU аъзолари сони қарийб 600 нафарга етди. Ушбу кўрсаткич ўзбек талаба-ёшларида бирлашиш, ўзаро ҳамжиҳатлик ҳамда таълим, маданий ва ижтимоий ташаббусларни рўёбга чиқаришга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганидан далолат беради.

Мулоқот чоғида уюшма фаолиятини янада ривожлантириш, унинг Буюк Британиядаги талабалар, таълим муассасалари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Элчихона уюшма томонидан ўзбек талаба-ёшларини бирлаштириш, уларнинг таълимий ва касбий салоҳиятини юксалтириш, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда янги ташаббусларни амалга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни келгусида ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Ёш авлод онгида бузғунчи мафкуралар ва зарарли ахборот таъсирларига қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш зарурлиги алоҳида муҳокама қилинди. Бу борада талабалар учун илм-фан, таълим, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва масъулиятга асосланган ижобий ва бунёдкор муҳит яратиш муҳим аҳамият касб этади.

Ёшларни умумий қадриятлар, Ватанга дахлдорлик туйғуси, миллий тарих ва маданиятга ҳурмат, Янги Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшиш истаги атрофида янада жипслаштириш зарурлиги қайд этилди.

Ушбу йўналишда ёшлар билан доимий мулоқот олиб бориш алоҳида ўрин тутади. Элчихона ўзбекистонлик талабаларга нафақат хорижда таълим олаётган ёш авлод вакиллари, балки Ўзбекистон тараққиёти учун зарур бўлган билим, халқаро тажриба ва касбий кўникмаларга эга муҳим инсон капитали сифатида қарайди.

Шу муносабат билан томонлар мунтазам мулоқотни давом эттириш ҳамда талабаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий маҳоратини ошириш, Буюк Британиядаги ўзбек ёшлари билан Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни биргаликда амалга оширишга келишиб олди.

Мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги элчихонаси бундан буён ҳам ёшлар билан ишлаш, талабалар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда хориждаги ватандошларнинг мамлакат равнақи йўлида ўз салоҳиятини тўла рўёбга чиқариши учун барча зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратади.

UzSU 2024 йил 2 март куни Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси ҳузурида ташкил этилган. Ташкил топган илк кунлариданоқ уюшма ўзбекистонлик талабаларни бирлаштириш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш, академик, касбий ва маданий алмашинувлар учун имкониятлар яратиш ҳамда Ватан билан алоқаларни мустаҳкамлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Уюшманинг аввалги раҳбарияти Буюк Британиянинг етакчи олий таълим муассасаларидаги таҳсилни муваффақиятли якунлаб, республика тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшиш мақсадида Ўзбекистонга қайтиб келган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш