Ўзбекистон ва Покистон ўртасида қўшма таълим дастурлари амалга оширилади
Февраль 13, 2026. 09:25 • 2 дақ
• 84
ИСЛОМОБОД, 13 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Фан ва технология миллий университети ректори Муҳаммад Заҳид Латиф билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокараларда, Тошкент шаҳридаги Геология фанлари университети ректори Аъзам Қодирхўжаев ҳам қатнашди.
Покистон томонига Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, илм-фан, таълим ва рақамли иқтисодиётга устувор аҳамият қаратилаётгани, қатор хорижий таълим муассасаларининг мамлакатимизда филиал ва қўшма факультетлар очиш бўйича олиб бораётган амалий ишлари ҳақида маълумот берилди.
Томонлар Ўзбекистон олий таълим муассасаларида қўшма таълим дастурларини жорий этиш, ўқитувчи ва талабалар алмашинуви бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Геология фанлари университетида Покистон Фан ва технология миллий университети факультетини очиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур қўшма таълим лойиҳаси Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги таълим ва илм-фан соҳасидаги алоқаларни янада фаоллаштириш учун самарали платформа бўлиши таъкидланди.
Ректор Муҳаммад Заҳид Латиф Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча йўналишларда, хусусан, олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади. У Геология фанлари университети билан ҳамкорликда таълим ва тадқиқотлар йўналишида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр эканини таъкидлади.
Учрашув якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан амалий ишларни бошлаш учун Покистон Фан ва технология миллий университети делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
