Қатар радиоси: Ўзбекистон – Марказий Осиёнинг марвариди саналади
Февраль 13, 2026. 10:21 • 3 дақ
• 40
ДОҲА, 13 февраль. /“Дунё” АА/. Қатарлик туризм соҳаси бўйича эксперт Айман Ал-Қудва Қатар радиосига Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида интервью берди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатимизнинг Қатардаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган радио-интервьюда мутахассис сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасига берилаётган эътибор ва бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтган.
Экспертнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марвариди саналади. У шунчаки сайёҳлик макони эмас, балки чуқур тарихий илдизларга эга, ўзига хос буюк цивилизация маркази ҳисобланади. Мамлакат жуда гўзал ва бой тарихий меросга эга бўлиб, айниқса мусулмон ва араб сайёҳлари учун алоҳида аҳамият касб этади. Чунки бу ерда кўплаб қадимий масжидлар, мадрасалар, диний обидалар ва ёдгорликлар мавжуд.
Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон ҳудуди ислом тарихидан буён қадимги Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган. Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлар жаҳон тарихида муҳим ўрин тутади ҳамда бугунги кунда халқаро миқёсда эътироф этилган маданий мерос масканлари ҳисобланади.
Самарқанд Темурийлар тарихи билан машҳур бўлиб, Регистон майдони шаҳарнинг энг машҳур ва рамзий масканидир. Бухоро ўзининг масжид ва мадрасалари билан инсон қалбига ўзига хос руҳий туйғу бағишлайди.
Хива эса қадимий меъморий иншоотлари ва сақланиб қолган тарихий муҳити билан алоҳида ажралиб туради. Ўзбек халқи ўзига хос, ниҳоятда меҳмондўст, туристларга нисбатан очиқкўнгил ва хушмуомала халқ ҳисобланади. Расмий статистикага кўра, 2025 йилда Ўзбекистонга 10 миллион нафар сайёҳ ташриф буюрган.
“Ўзбекистон бугунги кунда сафар қилиш учун қулай мамлакатлардан биридир. У Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга давлат бўлиб, аҳолининг аксарияти мусулмонлардан иборат. Шу сабабли, мусулмон сайёҳлар, хусусан, қатарлик меҳмонлар егулик ва ичимлик масаласида ҳеч қандай қийинчиликка дуч келмайди. Ўзбек таомлари Қатар ва Саудия Арабистони таомларига ўхшаб кетади. Айниқса гуруч, сабзи ва гўштдан тайёрланадиган палов кенг истеъмол қилинади ва араб меҳмонлари дидига мос келади. Таомлар гўёки араб ошхонасининг ўзбекона миллий талқиндаги кўринишини эслатади”, дея фикр билдирган Айман Ал-Қудва.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонга сафар қилувчилар сони тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг Қатардаги Элчиси Ашраф Хўжаев бошчилигида мамлакатга кўпроқ сайёҳларни жалб этиш йўлида фаол иш олиб борилмоқда. Қатарликлар ҳамда Кўрфаз ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар фуқаролари учун Ўзбекистонга 30 кунлик визасиз режим жорий этилган, мунтазам тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилган.
Ўзбекистон гўзал табиий манзаралари билан ҳам ажралиб туради. Чорвоқ, Айдаркўл ва Нурота каби ҳудудлар оилавий дам олиш учун жуда мос масканлардир. Тоғли ва яшил ҳудудлар манзаралари Швейцарияни эслатади. Энг муҳими, мамлакат хавфсиз.
Иқлим шароитига кўра ёз фаслида ҳаво ҳарорати баъзан 40 даражадан юқори, қиш фаслида эса 0 даражадан пастга ҳам тушади. Ўзбекистонга саёҳат қилиш учун энг мақбул давр – бу баҳорнинг апрель–май ҳамда кузнинг сентябрь–октябрь ойлари.
Мамлакат иқтисодиёти асосан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасига таянади, айни вақтда туризм соҳаси ҳам юқори суръатларда ривожланиб бормоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
