Ўзбекистон ва Польша ишбилармонлари қўшма лойиҳалар бўйича муҳим келишувларга эришди

Июль 12, 2026. 12:30 • 3 дақ

109
Ўзбекистон ва Польша ишбилармонлари қўшма лойиҳалар бўйича муҳим келишувларга эришди
Ўзбекистон ва Польша ишбилармонлари қўшма лойиҳалар бўйича муҳим келишувларга эришди
Ўзбекистон ва Польша ишбилармонлари қўшма лойиҳалар бўйича муҳим келишувларга эришди
Ўзбекистон ва Польша ишбилармонлари қўшма лойиҳалар бўйича муҳим келишувларга эришди

ВАРШАВА, 12 июль. /“Дунё” АА/. Варшава шаҳрида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳабов бошчилигидаги тадбиркорлардан иборат делегация Ўзбекистон–Польша бизнес форумида қатнашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Польша Миллий савдо палатасида бўлиб ўтган мазкур тадбирда икки мамлакатнинг саноат, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, электротехника, логистика, қурилиш, тўқимачилик, фармацевтика, ахборот технологиялари, молия ва хизматлар соҳаларида фаолият юритувчи 200 дан ортиқ тадбиркорлари иштирок этди.

Форумда Польша томонидан Сенат раисининг биринчи ўринбосари Михал Каминьски, Польша Миллий савдо палатаси президенти Анджей Арендарски, мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, Инвестициялар ва савдо агентлиги (PAIH), “Польша–Осиё” савдо-саноат палатаси ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, инвестиция муҳитини яхшилаш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар алоҳида эътироф этилди.

Форум иштирокчилари Ўзбекистон ва Польша иқтисодиётлари бир-бирини тўлдирувчи катта имкониятларга эга эканини қайд этди. Хусусан, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари, тўқимачилик, рақамли технологиялар, электрон тижорат, логистика ва транспорт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг салоҳият мавжудлиги таъкидланди.

Томонлар икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, қўшма корхоналар ташкил этиш, технологиялар трансферини йўлга қўйиш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича фикр алмашди.

Мезбонлар 2024 йилдан бошлаб Варшава–Тошкент йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилгани икки мамлакат ўртасидаги ишбилармонлик, туризм ва инвестиция алоқаларини ривожлантиришда муҳим омил бўлаётганини маълум қилди.

Шунингдек, Польша ташқи иқтисодий фаолиятини қўллаб-қувватловчи “Team Poland” тизими Ўзбекистон билан ҳамкорликни устувор йўналишлардан бири сифатида белгилагани маълум қилинди. Бу икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий муносабатлар стратегик аҳамият касб этаётганидан далолат беради.

Учрашувлар давомида Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги савдо айланмасини 1 миллиард долларга етказиш, саноат кооперацияси, юқори технологияли ишлаб чиқариш, логистика, қишлоқ хўжалиги, рақамли иқтисодиёт ва энергетика соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мавжуд имкониятлар муҳокама қилинди.

Польша Миллий савдо палатаси президенти Анджей Арендарски ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбарияти ўртасида ўтказилган музокаралар якунида қатор муҳим келишувларга эришилди.

Жумладан, 2026 йил октябрь ойида Польша Миллий савдо палатаси раҳбарлигида Ўзбекистонга бизнес-миссия ташкил этиш, 2027 йилда Варшавада икки давлат ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ва бизнес-форумини ўтказишга тайёргарлик кўриш, Польша Инвестициялар ва савдо агентлигининг Тошкентдаги ваколатхонасини очиш режалаштирилди.

Бундан ташқари, Польша Миллий иқтисодиёт банки (BGK) молиявий инструментларини энергетика, геология, электротехника, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, ахборот технологиялари, тиббиёт, фармацевтика ва бошқа устувор соҳалардаги қўшма инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга йўналтириш бўйича келишувларга эришилди.

Томонлар Польша компанияларини “Термиз халқаро савдо маркази” ЭИЗга жалб қилиш, Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларида иштирокини кенгайтириш, икки мамлакатдаги халқаро кўргазма ва ярмаркаларда тадбиркорлар иштирокини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш