Ўзбекистон элчиси Бангладеш Президентига ишонч ёрлиқларини топширди
Ноябрь 27, 2025. 07:52 • 2 дақ
• 266
ДАККА, 27 ноябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Бангладеш Халқ Республикасидаги элчиси (қароргоҳи Деҳли шаҳрида) Сардор Рустамбоев ушбу мамлакат Президенти Муҳаммад Шаҳобуддинга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тантанали маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Муҳаммад Шаҳобуддин Ўзбекистонни Бангладешнинг Марказий Осиёдаги асосий минтақавий шериги ва ишончли дўсти деб атади. Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар ва изчил ташаббуслар туфайли мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва имижи юксалиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, учрашувда Бангладеш ҳукуматининг мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратаётгани билдирилди.
Тўқимачилик, фармацевтика ва чарм саноати каби соҳаларда шериклик учун салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Бангладеш томони ушбу йўналишларда тажриба алмашиш ва янги лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлигини маълум қилди.
Мулоқот чоғида маданий-гуманитар, хусусан, туризм ва олий таълим соҳаларидаги шерикликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 15 октябрда ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг янги элчиси Сардор Рустамбоев 2024 йил январь ойида Деҳлига келган эди. Бунгача у мамлакатимизнинг Франция ва Португалиядаги дипломатик миссиясига раҳбарлик қилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ригада Ўзбекистон миллий стенди тақдим этилди
Японияда юртимиз тарихи, маданияти ва иқтисодиётига бағишланган семинар ўтказилди
Красноярск вилоятининг Ўзбекистонга ташрифи амалга оширилди