Ўзбекистон ва Шри-Ланка ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар янги босқичга кўтарилмоқда
Июль 12, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 98
ТОШКЕНТ, 12 июль. /“Дунё” АА/. Шри-Ланка ташқи ишлар, хорижий бандлик ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Аруни Ранаража бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташрифи давомида Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Шри-Ланка ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилаётгани, мавжуд иқтисодий салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш учун катта имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Томонлар савдо ҳажмини ошириш, экспорт ва импорт таркибини диверсификация қилиш, ишлаб чиқариш кооперациясини йўлга қўйиш ҳамда хусусий сектор вакиллари иштирокида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашди.
Туризм, тўқимачилик, ахборот технологиялари, заргарлик саноати, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда хизматлар соҳаси каби истиқболли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Ҳамкорликни институционал жиҳатдан янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Шри-Ланка Миллий савдо-саноат палатаси ўртасида Англашув меморандумини имзолаш таклифи қўллаб-қувватланди.
Шри-Ланка томони ўзбекистонлик тадбиркорларни “Sri Lanka Expo 2027” халқаро кўргазмасида фаол иштирок этишга таклиф қилди. Қайд этилишича, мазкур нуфузли тадбир янги бизнес шерикларини топиш, халқаро бозорларга чиқиш, экспорт имкониятларини кенгайтириш, инвестициявий салоҳиятни намойиш этиш ва узоқ муддатли тижорат алоқаларини йўлга қўйиш учун муҳим майдон ҳисобланади.
Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган ташаббусларни амалий натижаларга айлантириш, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасидаги мулоқотни янада фаоллаштириш ва ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини изчил ривожлантириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси