Москвада “РоУзвитие-2026” халқаро талабалар лойиҳалари танлови ғолиблари тақдирланди
Ноябрь 12, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 215МОСКВА, 12 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг Бутунроссия ташқи савдо академияси (БТСА) билан ҳамкорликда ташкил этилган “РоУзвитие-2026” халқаро талабалар лойиҳалари танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Танлов ҳар йили Россия Иқтисодий тараққиёт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги кўмагида ўтказилади.
Жорий йилги танловда Ўзбекистон ва Россиядан 37 та жамоа иштирок этди, улардан бештаси ғолиб деб топилди. Лауреатлар қаторида Тошкент давлат иқтисодиёт университети жамоаси ҳам саноат кооперациясини ривожлантириш, ишлаб чиқаришга робототехникани жорий этиш ва электрон тижоратни такомиллаштиришга қаратилган ташаббуслари билан ўрин олди.
Маросимда Ўзбекистон элчиси Ботиржон Асадов, БТСА ректори Виттория Идрисова, Россия Иқтисодий тараққиёт вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги, “Россотрудничество” вакиллари, Россия Саноатчилар ва ишбилармонлар иттифоқи (РСПП) вице-президенти Сергей Красильников, шунингдек, бизнес доиралари ва ҳар икки давлат олий ўқув юртлари талабалари иштирок этди.
Виттория Идрисова иштирокчилар географияси кенгайиб бораётгани ҳамда Россия ва Ўзбекистон бизнесининг танловга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлади. Россия Иқтисодий тараққиёт вазирлиги вакиллари танловни янада ривожлантириш, жумладан, ғолиб талабаларнинг лойиҳаларини амалда татбиқ этиш мақсадида стажировкалар ташкил этишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Маросим якунида ғолибларга сертификатлар ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, БТСА вакиллари билан Ўзбекистон элчихонаси ўртасида келгуси ҳамкорликни давом эттириш, янги ўзбек компанияларини жалб қилиш ҳамда университетлар ва талабалар ўртасида танлов ҳақидаги хабардорликни ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




