“Ҳиндистон–Ўзбекистон” бизнес-форумида икки давлат иқтисодий шериклигининг истиқболлари белгилаб олинди

Август 04, 2026. 17:30 • 3 дақ

38
“Ҳиндистон–Ўзбекистон” бизнес-форумида икки давлат иқтисодий шериклигининг истиқболлари белгилаб олинди
“Ҳиндистон–Ўзбекистон” бизнес-форумида икки давлат иқтисодий шериклигининг истиқболлари белгилаб олинди

ДEҲЛИ, 4 август, /“Дунё” АА/.  Деҳлида Ҳиндистон–Ўзбекистон бизнес форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу форум мамлакатимиз элчихонаси, Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси (FICCI), “Invest India” миллий агентлиги ҳамда икки давлатнинг саноат ва савдо вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда икки мамлакат давлат тузилмалари, инвесторлари ва ишбилармон доираларининг 250 дан ортиқ вакили иштирок этди.

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов бошчилигидаги бизнес-делегация Ҳиндистон савдо ва саноат вазири Пиюш Гоял билан ўзаро муносабатларни янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр-мулоҳаза алмашди.

Бизнес-дастур доирасида икки томонлама савдони ривожлантириш истиқболлари, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперациясини мустаҳкамлашга бағишланган ялпи сессия ва тақдимотлар бўлиб ўтди. Соғлиқни сақлаш, энергетика, ахборот технологиялари, тўқимачилик ва тоғ-кон саноати соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳиндистонлик ишбилармонларга Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, саноат кооперациясини ривожлантириш ва мамлакатнинг турли ҳудудларида инвестиция ташаббусларида иштирок этиш имкониятлари тақдим этилди.

Шунингдек ўқинг

Мулоқот чоғида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 1,3 миллиард АҚШ долларидан ошганини таъкидлади. “Бу, албатта, ютуқ, бироқ бу ҳали ҳам икки мамлакат иқтисодиётлари эга бўлган салоҳиятдан анча паст”, – деди Лазиз Кудратов. Шунингдек, вазир тадбиркорларга келгуси йилларда савдо ҳажмини 3–5 миллиард долларга етказиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни таклиф қилди.

Ўз навбатида, савдо ва саноат вазири Пиюш Гоял Ҳиндистон–Ўзбекистон муносабатлари жадал ривожланиб бораётганини таъкидлаб, ҳинд томони иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.

“Иқтисодиётларимиз кўп жиҳатдан бир-бирини тўлдиради. Масалан, Ўзбекистон пахта ишлаб чиқаришда катта салоҳиятга эга, Ҳиндистон эса тўқимачилик саноатида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда”, – деди вазир. Унинг таъкидлашича, бундай афзалликларнинг уйғунлиги қўшма лойиҳаларни ривожлантириш ва саноат соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар яратади.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон бизнес вакиллари ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиб, ўз корхоналари фаолияти ҳақида маълумот алмашдилар ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди.

Шу тариқа, томонлар икки давлат иқтисодий ҳамкорлигини изчил ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканини таъкидлаб, истиқболли ташаббусларни амалга ошириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш