Италия матбуоти: Тошкентнинг 10 та машҳур меъморий мажмуаси ЮНЕСКО рўйхатига киритилди
Июль 31, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 68
РИМ, 31 июль. /“Дунё” АА/. Италиянинг етакчи “ANSA”, “Italpress”, “Milano Finanza”, “Finestre sull’Arte” каби нуфузли нашрларида Тошкент шаҳрининг модернистик архитектураси ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилишига бағишланган мақолалар чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрларда ёзилишича, ЮНЕСКОнинг Тошкентнинг 10 та машҳур меъморий мажмуасини Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритиш қарори Пусан шаҳрида ўтказилаётган Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 48-сессиясида қабул қилинди.
ЮНЕСКО эътирофига 1960 йиллардан 1990 йиллар бошигача бўлган даврда барпо этилган ва 1966 йилги вайронкор зилзиладан сўнг пойтахтимизнинг қайта тикланиши ҳамда шаҳарсозлик қиёфасини акс эттирувчи 10 та машҳур бино ва меъморий мажмуа сазовор бўлди.
Мақолада қайд этилишича, ушбу объектларнинг нуфузли рўйхатга киритилиши мамлакатимизда маданий меросни сақлаш ва оммалаштириш бўйича олиб борилаётган тизимли давлат сиёсатининг амалий натижасидир.
Номинацияни тайёрлаш ва илгари суриш ишлари Ўзбекистон Санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси томонидан Милан политехника университети, GRACE архитектура бюроси ҳамда халқаро экспертлар ҳамкорлигида амалга оширилган.
“Ушбу воқеа мамлакат учун тарихий аҳамиятга эга. Бу сўнгги 25 йил ичида Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига муваффақиятли киритилган биринчи миллий аризаси бўлиб, мамлакатнинг меъморий меросни асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатларининг муҳим халқаро эътирофи бўлди”, – дея хулоса қилинган материалда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси