Ўзбекистон ва Адана ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш таклиф этилди
Июль 28, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 62АДАНА, 28 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси дипломатлари хизмат сафари билан Адана вилоятида бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Дастлаб делегация аъзолари Адана вилояти губернатори Мустафо Явуз билан музокаралар олиб борди. Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициявий шерикликни фаоллаштириш ҳамда ҳудудлараро муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.
Губернатор Чукурова халқаро аэропортидан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш ғоясини қўллаб-қувватлаб, бу ташаббус Адана билан бир қаторда Мерсин, Османия ва Ҳатай вилоятлари ўртасида бизнес, туризм ва инвестиция алоқаларини сезиларли даражада фаоллаштиришини таъкидлади.
Ўз навбатида, Туркия томони 7–9 август кунлари Хоразм вилоятида бўлиб ўтадиган “Қовун сайли” фестивали ва “Invest in Khorezm” бизнес-форумида иштирок этишга таклиф қилинди.
Дастур доирасида Адана саноат палатаси раиси Зеҳни Қиванч иштирокида бизнес-форум ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, иссиқхона хўжалиги, тўқимачилик саноати, ахборот технологиялари ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи 50 га яқин турк компанияси вакиллари қатнашди.
Форум иштирокчиларига Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти, инвестиция муҳити ва миллий брендларни ташқи бозорларга олиб чиқиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар тақдим этилди.
Томонлар стратегик шерикликка асосланган Ўзбекистон–Туркия иқтисодий муносабатлари изчил ривожланаётганини қайд этиб, ҳудудлар ва бизнес вакиллари ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқот янги қўшма лойиҳалар учун мустаҳкам замин яратаётганини таъкидлади.
Бундан ташқари делегация Туркиянинг йирик саноат корхоналари – “Kıvanç Tekstil”, “Kıvanç Enerji” ва “Kıvanç Kağıt” фаолияти билан ҳам танишди. Корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнлари ва замонавий технологиялар кўздан кечирилиб, тўқимачилик ҳамда қайта тикланувчи энергетика соҳаларида саноат кооперациясини ривожлантириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва тажриба алмашиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Сафар сўнггида Аданада истиқомат қилаётган ватандошлар билан учрашув ўтказилди. Дипломатлар диаспора вакиллари билан бирга “Türkistan Korbaşılar Parkı” боғига ҳамда миллий озодлик ҳаракати етакчиларидан бири миллий озодлик ҳаракати етакчиларидан бири Шермуҳаммадбекка бағишланган ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


