Ўзбекистон электрон микросхемалар ишлаб чиқаришда Малайзия тажрибасидан фойдаланади

Октябрь 26, 2026. 08:55 • 2 дақ

• 184
Ўзбекистон электрон микросхемалар ишлаб чиқаришда Малайзия тажрибасидан фойдаланади
Ўзбекистон электрон микросхемалар ишлаб чиқаришда Малайзия тажрибасидан фойдаланади
Ўзбекистон электрон микросхемалар ишлаб чиқаришда Малайзия тажрибасидан фойдаланади
Ўзбекистон электрон микросхемалар ишлаб чиқаришда Малайзия тажрибасидан фойдаланади

КУАЛА-ЛУМПУР, 26 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон вазирликлар, идоралар ва олий таълим муассасалари вакилларидан иборат делегация яримўтказгичлар ва микроэлектроника соҳасида ҳамкорликни янада жадаллаштириш мақсадида Малайзияга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Сафар давомида делегация Селангор штатида жойлашган “IC Design Park 1” (интеграл схемаларни лойиҳалаш парки) мажмуаси фаолияти билан танишди. Учрашувларда етакчи компаниялар билан маҳаллий микроэлектроника муҳандисларини тайёрлаш юзасидан музокаралар ўтказилди.

Селангор штати ҳукуматининг рақамли иқтисодиёт бўйича агентлиги (SIDEC) бош ижрочи директори Ёнг Кай Пингнинг таъкидлашича, бугунги глобал геоиқтисодий ва геосиёсий вазият кўплаб давлатларни яримўтказгичларни лойиҳалаш ва ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратишга ундамоқда.

У Ўзбекистон ҳукуматига микросхемаларни лойиҳалашга ихтисослашган маҳаллий компанияларни ташкил этиш ва мутахассисларни тайёрлашни тавсия қилди.

Малайзиянинг илғор яримўтказгичлар академияси (ASEM) ўзбекистонлик мутахассислар учун назарий билимлар ва касбий амалиётни ўз ичига олган махсус тренинг курсларини ташкил этишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек ўқинг

Вакилларимиз Куала-Лумпурдаги “Technology Park Malaysia” ҳудудига ташриф буюриб, “MIMOS Berhad” компаниясининг кремний пластиналари ва яримўтказгичлар прототипларини ишлаб чиқариш ва синовдан ўтказиш, микроэлектроника, чиплар ва электрон платалардаги нуқсонларни аниқлаш ҳамда таҳлил қилиш бўйича замонавий лабораториялари фаолияти билан яқиндан танишди.

Компания вице-президенти Рамеш Кумар Кедах штатида жойлашган “MIMOS Academy” маркази базасида юқори технологиялар ва яримўтказгичлар саноати учун зарур бўлган муҳандислар ҳамда тадқиқотчиларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини йўлга қўйишга тайёрлигини маълум қилди.

Ташриф доирасида Селангор сунъий интеллект ва яримўтказгичлар саммитида қатор ҳамкорлик келишувларини имзолашга эришилди. Хусусан, Ўзбекистоннинг “ToshTech” техника университети ва Малайзиянинг “ASEM” академияси ҳамда “GreatAsic Technology” компанияси ўртасида ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланди.

Шунингдек, “Cyber University” давлат университети ва Малайзиянинг “Asia e University (AeU)” ҳамда “Asia Pacific University of Technology & Innovation (APU)” олий таълим муассасалари ўртасида сунъий интеллект соҳасида кадрлар тайёрлаш ва интеграл схемаларни лойиҳалаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.

“IC Design” (интеграл схемалар ёки чипларни лойиҳалаш) – микроэлектроника соҳасининг муҳим ва юқори технологияли йўналишларидан бири бўлиб, миллионлаб ва ҳатто миллиардлаб транзисторларни битта кичик яримўтказгич (кремний) чипига жойлаштириш ва уларнинг мукаммал ишлашини таъминлаш жараёни ҳисобланади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш