Ўзбекистон Туркиядаги COP31 саммитида миллий иқлим ташаббусларини тақдим этмоқда

Ноябрь 09, 2026. 16:40 • 2 дақ

• 4
Ўзбекистон Туркиядаги COP31 саммитида миллий иқлим ташаббусларини тақдим этмоқда

АНТАЛЬЯ, 9 ноябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Туркияда ўз ишини бошлаган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича 31-конференцияси (COP31)да Ўзбекистон иқлим сиёсатидаги устувор йўналишлар, миллий ташаббуслар ва халқаро ҳамкорлик истиқболларига бағишланган миллий павильонини намойиш этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Конференцияда 196 мамлакат вакиллари иштирок этмоқда. “Амалий ҳаракатлар COP” концепцияси доирасида ўтаётган COP31 тадбирининг асосий мақсади – глобал иқлим масалаларини аниқ ечимларга айлантиришдан иборат.

Ўзбекистон миллий павильонида Марказий Осиёнинг сув-иқлим барқарорлигини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалигини мослаштириш, кам углеродли иқтисодиётни ривожлантириш, ер ва ўрмонларни қайта тиклаш ҳамда иқлимий молиялаштиришни жалб қилиш бўйича ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Ўзбекистоннинг янгиланган миллий миқёсда белгиланадиган ҳиссаси (NDC 3.0) доирасидаги вазифаларни амалга ошириш, иқлимга чидамли шаҳарларни ривожлантириш, табиатга уйғун ечимларни татбиқ этиш ҳамда экология соҳасида рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Шунингдек ўқинг

Дастурда Яшил иқлим жамғармасининг молиявий кўмагида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон иштирокидаги қўшма “AFOLU” лойиҳасини ишга тушириш, Буюк ипак йўли иқлимий мобиллиги тўғрисидаги декларацияни илгари суриш ҳамда Оролбўйи ҳудудининг иқлим барқарорлигини таъминлашга қаратилган ташаббуслар кўзда тутилган.

Конференция давомида углерод бозорларини ривожлантириш, ўрмон ландшафтларини қайта тиклаш, экологик таълим, “яшил” иқтисодиётга инвестициялар жалб қилиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга бағишланган тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.

Ўзбекистоннинг COP31 конференциясидаги иштироки миллий иқлим устуворликларини илгари суриш, халқаро шерикликни кенгайтириш ва экологик лойиҳаларни амалга ошириш учун сармоялар жалб этишга қаратилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш