Жиззахнинг инвестиция ва туризм имкониятлари хорижий дипломатларда катта қизиқиш уйғотди

Ноябрь 07, 2026. 16:00 • 3 дақ

• 57
Жиззахнинг инвестиция ва туризм имкониятлари хорижий дипломатларда катта қизиқиш уйғотди
Жиззахнинг инвестиция ва туризм имкониятлари хорижий дипломатларда катта қизиқиш уйғотди
Жиззахнинг инвестиция ва туризм имкониятлари хорижий дипломатларда катта қизиқиш уйғотди
Жиззахнинг инвестиция ва туризм имкониятлари хорижий дипломатларда катта қизиқиш уйғотди

ЖИЗЗАХ, 7 ноябрь. /“Дунё” АА/. Жиззах вилоятига ташриф буюрган хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари вакиллари “AYDAR-ARNASOY RESORT COMPLEX” МЧЖ фаолияти ҳамда ҳудудда яратилган туризм ва дам олиш имкониятлари билан яқиндан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Меҳмонлар учун Жиззах вилоятининг инвестициявий салоҳиятига бағишланган тақдимот намойиш этилди. Унда вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азизжон Ибрагимов ҳудуддаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти, туризм соҳасидаги имкониятлар, истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳамда хорижий давлатлар билан амалга оширилаётган ҳамкорлик алоқалари хусусида атрофлича маълумот берди.

Шунингдек, Жиззах вилояти туманларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, мавжуд инвестиция имкониятлари ва режалаштирилаётган халқаро қўшма лойиҳалар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Мирзачўл тумани ҳокими Санжар Абдумуродовнинг қайд этишича, айни пайтда туманда ҳам хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратилиб, қатор истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ҳудудда 32 минг гектар суғориладиган ер мавжуд бўлиб, йилига 85 минг тонна пахта ва 65 минг тонна ғалла етиштирилади.

Қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари изчил ривожланиб, экспорт ҳажми 2025 йилда 8,3 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Шу билан бирга, туманда хорижий сармояларни жалб этиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш ва экспортбоп маҳсулотлар турини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Учрашув давомида Фориш туманининг табиий ресурслари, фойдали қазилмалари, энергетика ва туризм соҳаларини ривожлантириш борасидаги салоҳиятига бағишланган тақдимот ҳам меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Шунингдек ўқинг

“Умумий майдони 953,5 минг гектарни ташкил этувчи туманимизда 22,2 миллион тонна базальт, 131,3 миллион тонна цемент хомашёси ва бошқа қурилиш материаллари захиралари мавжуд. Туризм соҳасида эса Айдаркўл соҳили, Нурота тоғлари, Охум ва Сайёд қишлоқлари ҳамда Можрумдаги минг йиллик арча экотуризм, тоғ туризми ва замонавий дам олиш масканларини ташкил этиш учун кенг имкониятлар яратади. Ушбу салоҳиятдан самарали фойдаланиш орқали туманга хорижий инвестицияларни жалб этиш ва янги туристик йўналишларни ривожлантиришни мақсад қилганмиз”, дейди Фориш тумани ҳокими ўринбосари Беҳзод Эркинов.

Ўзбекистон иқтисодий дипломатиясини янада ривожлантириш, хорижий ҳамкорлар билан амалий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган учрашувлар доирасида меҳмонлар маҳаллий тадбиркорлар билан ҳам мулоқот қилиб, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, инвестициявий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мавжуд алоқаларни кенгайтириш юзасидан фикр алмашди.

“Кеча вилоятдаги йирик саноат корхоналари фаолияти билан танишган эдик. Бугун эса Арнасойдаги туризм ва дам олиш масканида яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирдик. Таассуротларим бир олам. Жиззах вилоятига амалга оширилган мазкур сафар келгусида Ўзбекистон ва Бельгия ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман”, дейди Бельгиянинг Ўзбекистондаги элчиси Матиас Кенде.

Грециянинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Христос Скливаноснинг таъкидлашича, хорижий дипломатлар Жиззах вилоятига ташриф давомида нафақат ҳудуднинг туристик салоҳияти билан танишиш, балки ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш ва истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларини муҳокама қилиш имконига ҳам эга бўлди.

Мазкур ташриф хорижий дипломатик корпус вакилларига Жиззах вилоятининг инвестициявий ва туристик салоҳиятини бевосита ўрганиш, маҳаллий тадбиркорлар билан мулоқот ўрнатиш ҳамда келгусида ўзаро манфаатли шериклик лойиҳаларини амалга оширишда янги имкониятлар яратиши билан аҳамиятлидир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш