Нуфузли рус компанияси Ўзбекистондаги логистика марказига 300 миллион доллар сармоя киритмоқчи

Июнь 22, 2026. 13:00 • 2 дақ

79
Нуфузли рус компанияси Ўзбекистондаги логистика марказига 300 миллион доллар сармоя киритмоқчи

САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 22 июнь /“Дунё” АА/. “Деловой Петербург” нашрида V Тошкент халқаро инвестиция форуми жараёни ва унда эришилган келишувларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ёзилишича, Россиянинг нуфузли “Wildberries” компанияси Ўзбекистонда 300 миллион доллар сармоя ҳисобига 170 минг квадрат метр майдонга эга, А+ тоифасидаги логистика марказини қуришни режалаштирмоқда.

Компания таъкидлашича, республика Россиядан Яқин Шарққача бўлган асосий бозорларни ягона логистика маркази орқали боғлаш учун истиқболли ҳудуд ҳисобланади.

“Wildberries Uzbekistan” бош директори Акмал Примқулов Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон компания учун асосий бозорлардан бири эканини таъкидлади.

Шунингдек ўқинг

Стратегик режаларга кўра, республика бозорига кириш маркетплейснинг Марказий Осиёда электрон тижорат бўйича асосий марказга айланишига ёрдам беради. Хусусан, Хитойдан Африка бозорларигача бўлган йўналишда электрон тижорат товарларининг транзитини йўлга қўйиш назарда тутилган.

Акмал Примқуловнинг маълум қилишича, 2025 йил охирида компания Тошкент шаҳрида “WB Taxi” хизматини ишга туширган. Ўтган йил якунларига кўра, 1400 дан ортиқ хизмат кўрсатиш марказлари очилган.

2029 йилга қадар минтақадаги сотувчилар сонини 15 мингтага, ўзбек маҳсулотлари савдоси ҳажмини эса 2 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, майдони 170 минг квадрат метр бўлган А+ тоифасидаги логистика марказини қуриш кўзда тутилган. Унинг биринчи босқичини 2027–2028 йилларда ишга тушириш режалаштирилмоқда. Инвестициялар ҳажми 300 миллион долларга баҳоланмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш