Берлиндан муносабат: Ўзбекистон Германия бизнеси учун Марказий Осиёдаги энг истиқболли ҳамкорлардан бирига айланмоқда

Июнь 22, 2026. 11:30 • 3 дақ

45
Берлиндан муносабат: Ўзбекистон Германия бизнеси учун Марказий Осиёдаги энг истиқболли ҳамкорлардан бирига айланмоқда

БЕРЛИН, 22 июнь. /“Дунё” АА/. LUNO-Gruppe” компанияси раҳбари Михаэль Новак “Дунё” ААга Германия Федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайер бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи ва V Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида фикр билдирди:

– Бугунги кунда Ўзбекистон Германия учун тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу, аввало, мамлакатнинг Германияда ўзини фаол, изчил ва самарали намоён этаётгани билан боғлиқ.

Ўзбекистон турли иқтисодий, сармоявий ва соҳавий платформаларда мунтазам иштирок этмоқда, мамлакат салоҳиятини очиб беришга қаратилган тақдимотлар ва учрашувлар ташкил қилинмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси алоҳида фаоллик кўрсатаётганини таъкидлаш лозим.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий бизнес учун қулай муҳит яратиш ва мамлакатнинг халқаро ишбилармон доиралардаги жозибадорлигини оширишга қаратилган муҳим ташаббусларни илгари сурмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар Германия тадбиркорлари орасида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

Масалан, яқинда Гамбургда Ўзбекистон Енгил саноат уюшмасининг муваффақиятли тақдимоти бўлиб ўтди. Унда мамлакатнинг тўқимачилик ва енгил саноат соҳасидаги имкониятлари немис бизнес вакилларида ижобий таассурот қолдирди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон томонидан бизнесни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган аниқ ва мақсадли ҳаракатларни кўряпман. Ўзбек компаниялари Германия бозорида тобора фаол иштирок этмоқда. Айниқса, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик ва ишлаб чиқариш соҳаларидаги корхоналар ўз салоҳиятини муваффақиятли намойиш этмоқда. Бу Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати, рақобатбардошлиги ва экспорт имкониятлари ортиб бораётганидан далолат беради.

Германия Федерал президентининг етакчи компаниялар вакиллари билан Ўзбекистонга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда муҳим сиёсий ва иқтисодий сигналдир. Президентнинг бирор мамлакатга ташриф буюриши Германия томонидан ушбу давлатга юқори даражадаги қизиқиш ва ишонч мавжудлигини англатади. Бу қизиқиш фақат сиёсий мулоқот билан чекланиб қолмай, иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш мақсадини ҳам ифода этади.

Бундай ташрифлар ва форумлар, аввало, бизнес учун амалий мулоқот майдонини яратади. Улар компанияларга бир-бири билан танишиш, ҳамкорлар топиш, янги лойиҳаларни муҳокама қилиш ва инвестиция имкониятларини баҳолаш имконини беради.

Бугунги геосиёсий ўзгаришлар шароитида Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг муҳим давлатлардан бири сифатида намоён бўлмоқда. Мамлакат бой табиий ресурсларга, қарийб 40 миллион аҳолига эга йирик истеъмол бозорига ва қулай минтақавий жойлашувга эга. Бу омиллар мамлакатни нафақат алоҳида миллий бозор, балки бутун минтақа билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш нуқтасига айлантирмоқда.

Немис тадбиркори сифатида шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Ўрта коридорнинг ривожланиши Германия ва Европа бизнесининг Марказий Осиёга бўлган қизиқишини янада оширади. Муқобил транспорт йўлаклари, барқарор таъминот занжирлари ва янги логистика имкониятлари ҳозирги глобал шароитда жуда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистоннинг минтақавий транспорт, ишлаб чиқариш ва савдо маркази сифатидаги ўрни янада кучаяди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш