Барселонада Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари намойиш қилинди
Март 25, 2026. 12:50 • 2 дақ
• 86
МАДРИД, 25 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон делегацияси Барселона шаҳрида бўлиб ўтган “B Travel” халқаро сайёҳлик кўргазмасида меҳмон мамлакат сифатида иштирок этди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
Мазкур кўргазмада Ўзбекистон миллий стенди “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси ҳамда 8 та сайёҳлик компанияси томонидан намойиш этилди. Унда мамлакат туризм салоҳиятининг асосий йўналишлари – бой тарихий-маданий мерос, жаҳон мероси объектлари, гастрономик анъаналар ва замонавий сайёҳлик маҳсулотлари кенг тарғиб қилинди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон делегацияси хорижий туроператорлар, авиакомпаниялар ва соҳавий ташкилотлар вакиллари билан қатор музокаралар ўтказди. Мулоқотлар давомида ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Европа мамлакатларидан сайёҳлар оқимини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Барселонанинг 60 га яқин етакчи туроператорлари иштирокида Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган алоҳида тақдимот ташкил этилди. Унда хорижий ҳамкорларга мамлакатимизнинг асосий сайёҳлик йўналишлари, янги туристик маҳсулотлар, транспорт-логистика инфратузилмаси имкониятлари ва соҳанинг инвестициявий истиқболлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Кўргазмада Ўзбекистоннинг меҳмон мамлакат мақомида иштирок этиши алоҳида аҳамият касб этди. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, мазкур иштирок мамлакатнинг халқаро сайёҳлик бозоридаги нуфузини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ҳамда миллий туризм бренди танилишини оширишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Испаниянинг сайёҳлар учун муҳим манба ҳисобланган Каталония бозорида Ўзбекистоннинг табиий, маданий, тарихий ва меъморий меросини кенг тарғиб этишга ҳам хизмат қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси