Logo

Ўзбекистон туризм бренди Скандинавия медиа маконида кенг тақдим этилди

Март 16, 2026. 17:23 • 2 дақ

176
Ўзбекистон туризм бренди Скандинавия медиа маконида кенг тақдим этилди

СТОКГОЛЬМ, 16 март. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Швециядаги элчихонаси “Freedom Travel” агентлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг туризм жозибадорлигига бағишланган “Freedom Community Event 2026” йирик медиа-тадбирини ташкил этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Анжумандан кўзланган асосий мақсад — Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва замонавий сайёҳлик имкониятларини Скандинавия (Швеция, Дания ва Норвегия) медиа маконида кенг тарғиб қилиш ҳамда юртимизнинг хавфсиз ва жозибадор йўналиш сифатидаги имижини мустаҳкамлашдан иборат бўлди.

Тадбирда Скандинавия мамлакатларидан 100 дан ортиқ тревел-журналистлар, инфлюенсерлар ва блогерлар иштирок этди. Таъкидлаш жоизки, мазкур медиа вакилларининг ижтимоий тармоқлардаги умумий обуначилари аудиторияси 7 миллиондан ортиқ кишини ташкил этади.

Шунингдек ўқинг

Дастур доирасида ватандошларимиз кўмагида Ўзбекистон миллий туризм бренди, қадимий ипак йўли обидалари ва ноёб гастрономик салоҳиятининг кенг кўламли тақдимоти ўтказилди. Скандинавиялик ижодкорлар учун Ўзбекистон ҳали кашф қилинмаган, аммо юксак маданият ва меҳмондўстлик маркази сифатида намойиш этилди.

Музокаралар якунида бир қатор стратегик келишувларга эришилди. Хусусан, Ўзбекистон ҳақидаги медиа-контентни Скандинавиянинг етакчи ОАВларида мунтазам ёритиб бориш ҳамда 2026 йил давомида машҳур блогерларнинг юртимизга махсус пресс-турларини ташкил этиш белгилаб олинди. Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон Миллий туризм қўмитаси ва хорижий медиа вакиллари ўртасида сайёҳларни жалб қилиш бўйича сунъий интеллектга асосланган қўшма электрон платформаларни шакллантириш бўйича тўхтамга келинди.

Бу каби инновацион ёндашувлар ва Скандинавиянинг етакчи медиа фигуралари билан ўрнатилган тўғридан-тўғри алоқалар Ўзбекистон ва Шимолий Европа давлатлари ўртасидаги туристик оқимни янги босқичга олиб чиқишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш