Ўзбекистон дипломатлари Польшанинг Любин ва Краков шаҳарларида ватандошлар билан учрашди

Июнь 03, 2026. 13:55 • 2 дақ

2
Ўзбекистон дипломатлари Польшанинг Любин ва Краков шаҳарларида ватандошлар билан учрашди
Ўзбекистон дипломатлари Польшанинг Любин ва Краков шаҳарларида ватандошлар билан учрашди

ВАРШАВА, 3 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари ватандошларга консуллик ёрдами кўрсатиш мақсадида Польшанинг Любин ва Краков шаҳарларида бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф давомида Любин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг уч нафар фуқароси ҳибсга олиниши билан боғлиқ ҳолат ўрганилди.

Польша томонининг маълумотига кўра, ҳодиса “Biedronka” савдо тармоғининг логистика маркази ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнида содир бўлган бўлиб, Тожикистон фуқароси иштирокидаги келишмовчилик билан боғлиқ.

Тергов маълумотларига кўра, ўзаро низо оқибатида жабрланувчига жисмоний куч ишлатилиб, тан жароҳати етказилган. Польша прокуратураси томонидан ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш ва таҳдид қилиш моддалари бўйича айблов эълон қилинган. Қайд этилишича, мазкур айбловлар бўйича айбдор деб топилган шахслар 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон элчихонаси вакиллари ташриф чоғида ҳибсга олинган фуқаролар билан учрашиб, ишнинг ҳолати ва улар сақланаётган шароитлар билан танишди. Ҳибсдагиларнинг айтишича, воқеа ўзаро келишмовчилик оқибатида юз берган бўлиб, улар жабрланувчи билан аввалдан таниш бўлган.

Шунингдек, Краков шаҳрида мазкур ҳудудда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошлар билан ҳам учрашув ўтказилди. Унда ижтимоий-маиший хусусиятга эга масалалар, оилани бирлаштириш тартиби муҳокама қилиниб, Польшанинг меҳнат ва миграция қонунчилиги нормалари юзасидан тушунтиришлар берилди.

Учрашувда қалбаки ҳужжатлардан фойдаланишга йўл қўймаслик, мезбон мамлакат қонунларига қатъий риоя қилиш зарурати, ватандошлар ўртасида ҳуқуқий маданият ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар доирасида миллий қадриятлар, ватанпарварлик, ҳуқуқий саводхонлик ва фуқаролик бирдамлигини мустаҳкамлашга қаратилган ахборот-тушунтириш ишлари изчил давом эттирилаётгани таъкидланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш