Ўзбекистонлик фермерлар Хитойда сут чорвачилиги технологиялари ва наслли қорамол етказиб бериш имкониятларини ўрганмоқда

Ноябрь 21, 2026. 16:30 • 2 дақ

• 34
Ўзбекистонлик фермерлар Хитойда сут чорвачилиги технологиялари ва наслли қорамол етказиб бериш имкониятларини ўрганмоқда

ПЕКИН, 21 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Пекин шаҳридаги элчихонаси Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда Палата раиси Даврон Ваҳобов бошчилигидаги ўзбекистонлик фермер ва чорвадорлар делегациясининг Хитойга ташрифини ташкил этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф дастури доирасида фермерлар Нинся-Хуэй автоном районининг Учжун шаҳрида жойлашган “Wuzhong Dairy Industry” компанияси фаолияти билан танишдилар. У ерда меҳмонларга чорвачиликда сунъий интеллект ва роботлаштирилган тизимларни қўллаш тажрибаси намойиш этилди.

Мазкур компания 160 минг бош йирик шохли қорамолни ўз ичига олган ишлаб чиқариш тизимини бошқаради ва кунига қарийб 3 минг тонна сут ишлаб чиқаради. Мажмуада сунъий интеллект ҳайвонларнинг саломатлиги, озиқланиши ва маҳсулдорлигини доимий кузатиб боради, роботлар ем-хашак тарқатади, ҳарорат назорати, соғиш, сутни совутиш ва сақлаш жараёнлари эса тўлиқ автоматлаштирилган.

Шунингдек ўқинг

Музокаралар чоғида ўзбекистонлик фермерлар бундай илғор технологияларни маҳаллий шароитда қўллаш, замонавий сут-товар мажмуаларини барпо этиш ва рақамли бошқарув тизимларини жорий қилиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Делегация аъзолари, шунингдек, “Ningxia Xingniu Rui International Trade” компаниясида ҳам бўлиб, наслли йирик шохли қорамолларни кўпайтириш ва юқори маҳсулдор зотларни етиштириш тажрибаси ҳамда ҳайвонларни хорижий бозорларга экспорт қилиш имкониятларини ўргандилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш