Парижда Ўзбекистон–Франция таълим ҳамкорлигининг янги йўналишлари муҳокама қилинди

Ноябрь 20, 2026. 19:30 • 3 дақ

• 33
Парижда Ўзбекистон–Франция таълим ҳамкорлигининг янги йўналишлари муҳокама қилинди
Парижда Ўзбекистон–Франция таълим ҳамкорлигининг янги йўналишлари муҳокама қилинди
Парижда Ўзбекистон–Франция таълим ҳамкорлигининг янги йўналишлари муҳокама қилинди
Парижда Ўзбекистон–Франция таълим ҳамкорлигининг янги йўналишлари муҳокама қилинди
Парижда Ўзбекистон–Франция таълим ҳамкорлигининг янги йўналишлари муҳокама қилинди
Парижда Ўзбекистон–Франция таълим ҳамкорлигининг янги йўналишлари муҳокама қилинди

ПАРИЖ, 20 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон таълим ва илм-фан вазирининг биринчи ўринбосари Ойбек Юлдашев бошчилигидаги делегациянинг Францияга ташрифи бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Сафар давомида делегация аъзолари Париж шаҳрида қатор тадбирларда иштирок этди. Франция олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашувда мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, хорижда орттирилган билим ва тажрибани Ўзбекистон тараққиётига йўналтириш масалалари муҳокама қилинди.

Ватандош ёшларнинг Франциядаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ҳамда икки мамлакат таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Франциянинг “Meridiam” компанияси раҳбарияти билан ўтказилган музокаралар ҳам муҳим аҳамият касб этди. Унда Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик механизмлари асосида замонавий умумтаълим мактабларини қуриш ва мавжуд таълим инфратузилмасини модернизация қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Хусусан, халқаро инвестицияларни жалб этиш, илғор лойиҳалаш ва бошқарув тажрибасини жорий қилиш, самарали молиявий моделлардан фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Томонлар истиқболли лойиҳаларни биргаликда ўрганиш ва уларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш бўйича мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.

Таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналиши француз тилини ўқитиш сифатини ошириш ва ўқув-методик ресурслар билан таъминлаш бўлди. Шу мақсадда О. Юлдашев Франция Академик пальмалар ордени аъзолари ассоциацияси (AMOPA) президенти Клод Тран билан учрашди.

Учрашувда ассоциация томонидан Ўзбекистонга беғараз грант асосида тақдим этилган қарийб 1 100 нусха француз тилидаги китоб ва ўқув-методик қўлланмаларнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Мазкур адабиётлар умумтаълим мактаблари ва техникумларга йўналтирилиб, француз тилини ўқитиш сифатини ошириш ва таълим муассасаларининг ресурс базасини мустаҳкамлашга қаратилди.

Франция Миллий таълим вазирлигининг Европа ва халқаро алоқалар дирекцияси вакиллари билан учрашувда мактабгача ва мактаб таълими соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илғор тажриба алмашиш ва икки мамлакат таълим муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

Айниқса, экологик таълим йўналишига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар Франциянинг “Эко-мактаблар” (Éco-Écoles) дастури доирасида тажриба алмашиш ва Ўзбекистон–Франция таълим муассасалари ўртасида қўшма экологик ташаббусларни ривожлантириш бўйича келишувга эришди.

Парижда ўтказилган учрашувлар Ўзбекистон ва Франция ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш, мактаблар инфратузилмасига инвестициялар жалб қилиш ва француз тили таълимини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш