Анқарада Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросига бағишланган кўргазма ташкил этилди
Июль 23, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 77
АНҚАРА, 23 июль. /“Дунё” АА/. Туркияда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган “TÜRKTAV” коллекциясидаги “Ўзбекистон тарихи ва маданий мероси” номли кўргазма ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Анқара санъат ва ҳайкалтарошлик музейида ўтказилаётган ушбу кўргазмада Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданий мероси ҳамда туркий дунё халқларининг умумий қадриятларини акс эттирувчи экспонатлар намойиш этилмоқда. Экспозициядан “TÜRKTAV” фондидаги Ўзбекистон тарихи, миллий маданияти ва маънавий меросини акс эттирувчи ноёб буюмлар ўрин олган.
Мазкур кўргазма туркий халқлар тарихи, тили ва маданиятини ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш, уларнинг тарихий меросини асраб-авайлаш билан шуғулланувчи Туркий тарих ва маданият жамғармаси (“TÜRKTAV”) коллекцияси асосида ўтказилди.
Тадбир давомида “TÜRKTAV” раиси Низаметтин Айкурт лойиҳани қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирди ва мамлакатнинг туркий цивилизация марказларидан бири сифатидаги муҳим ўрнини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, бундай қўшма маданий ташаббуслар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга, шунингдек, туркий дунё халқлари ўртасидаги тарихий ва маънавий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси