Қирғиз матбуоти: Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сув соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди
Июль 23, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 97
БИШКЕК, 23 июль. /“Дунё” АА/. Қирғизистоннинг “Alliance-press” ахборот порталида “Ўзбекистон–Қирғизистон: сув соҳасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи ва истиқболлари” сарлавҳали таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда таъкидланишича, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва амалий ҳамкорлик Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор тамойилларига айланди.
Бунинг натижасида Марказий Осиёда сиёсий ишонч муҳити шаклланиб, сув ресурсларидан фойдаланиш масаласида ҳам туб бурилиш юз берди. Бугунги кунда сув ресурслари келишмовчилик манбаи эмас, балки минтақавий ривожланиш ва барқарорликка хизмат қилувчи умумий бойлик сифатида қаралмоқда.
Мақолада қайд этилишича, икки мамлакат ўртасидаги сув соҳасидаги муносабатлар 2017 йилдан бошлаб янги босқичга кўтарилди. Хусусан, 2017 йил 6 октябрда Косонсой (Ўрто-Тоқой) сув омборидан давлатлараро фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бўйича имзоланган битим икки томонлама муносабатларни узоқ муддатли тизимга ўтказишда муҳим қадам бўлди. Ҳозирда ташкил этилган қўшма комиссия сув омборини эксплуатация қилиш ва сув оқизиш жадвалларини доимий мувофиқлаштириб бормоқда.
Шунингдек, нашр Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасидаги уч томонлама сув-энергетика ҳамкорлигига алоҳида тўхталган. 2021 йилдан буён ўтказиб келинаётган мунтазам учрашувлар доирасида Тоқтоғул сув омборидан вегетация даврида Сўғд ва Сирдарё ҳавзаларига қўшимча сув чиқариш ҳамда куз-қиш мавсумида Қирғизистонга электр энергияси етказиб бериш бўйича самарали механизм йўлга қўйилган.
Жорий йилнинг 20 июнь куни Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган навбатдаги уч томонлама учрашувда 2026 йилги вегетация мавсуми учун сув чиқариш ва электр энергияси етказиб бериш ҳажмлари бўйича янги Баённома имзолангани ҳам алоҳида қайд этилган.
Мақола якунида Ўзбекистон Президенти томонидан 2026–2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш бўйича илгари сурилган ташаббуси минтақавий барқарорлик ва сув ресурсларини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси