“Sada El-Balad” АА: Тошкент халқаро молия маркази глобал капитал учун ишончли майдонга айланмоқда

Июль 23, 2026. 10:30 • 2 дақ

89
“Sada El-Balad” АА: Тошкент халқаро молия маркази глобал капитал учун ишончли майдонга айланмоқда

ҚОҲИРА, 23 июль. /“Дунё” АА/. Мисрнинг оммабоп “Sada El-Balad” ахборот порталида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилдора Камалованинг Ўзбекистонда халқаро ҳуқуқ йўналишида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистон Президенти томонидан “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги қонуннинг имзоланиши бу борада муҳим қадам бўлган.

Ушбу ҳужжат халқаро инвесторларга капитални ҳимоя қилиш, инвестицияни татбиқ этиш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича муҳим ҳуқуқий кафолатларни тақдим этади. Ушбу мақсадда мамлакат Конституцияси ҳамда қатор кодексларга тегишли ўзгартишлар киритилди.

Мақолада қайд этилишича, Тошкент халқаро молия марказининг (ТХММ) ҳуқуқий тизими Англия ҳуқуқи тамойилларига асосланган бўлиб, бу тизим жаҳон банклари ва трансмиллий корпорациялар учун шаффоф ҳамда тушунарлидир.

Шунингдек ўқинг

Марказ доирасида мустақил Тошкент халқаро тижорат суди ташкил этилиб, унга жаҳон миқёсидаги таниқли судьялар жалб этилади. Ушбу суд қарорлари мамлакатнинг бутун ҳудудида ижро этилиши мажбурий ҳисобланади.

Миср нашри ТХММ иштирокчилари учун берилаётган мисли кўрилмаган имтиёзлар пакетига алоҳида эътибор қаратган.

Хусусан, марказ аъзолари 50 йил муддатга (2076 йил 1 январгача) фойда ва ижтимоий солиқлардан озод қилинади. Олинган фойдани маъмурий тўсиқларсиз хорижга олиб чиқиш ҳамда Тошкент аэропортининг ўзида 5 йилгача бўлган муддатга соддалаштирилган виза олиш ҳуқуқи кафолатланади.

“Sada El-Balad” порталининг хулоса қилишича, 50 йиллик солиқ имтиёзлари, Англия ҳуқуқи ва мустақил судига эга Тошкент халқаро молия марказининг ташкил этилиши Ўзбекистоннинг институционал капитал учун ишончли майдон яратиш, глобал молиявий тизимнинг тўлақонли иштирокчисига айланишга тайёрлигини кўрсатувчи стратегик қадамдир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш