Арманистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда

Июнь 07, 2026. 13:09 • 2 дақ

14
Арманистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда

EРЕВАН, 7 июнь. /“Дунё” АА/. Бугун Арманистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда ҳамда унинг натижаларига кўра, мамлакатнинг янги бош вазири ҳам аниқланади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мамлакат Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, сайловчиларнинг умумий сони 2 миллион 485 минг 851 нафарни ташкил этади. Бутун мамлакат бўйлаб соат 08:00дан 20:00гача (Тошкент вақти билан 09:00дан 21:00гача) 2005 та сайлов участкаси ишлайди.

Бу – сўнгги тўққиз йил ичида парламентга ўтказилаётган биринчи навбатдаги сайловдир. 2018 ва 2021 йиллардаги олдинги икки сайлов кампанияси навбатдан ташқари бўлган эди. Сайловда 18 та сиёсий куч иштирок этмоқда, сайловчиларнинг иштироки учун энг кам чегара қонунда белгиланмаган. Овоз берганлар сонидан қатъи назар, сайловлар бўлиб ўтган, деб тан олинади. Улар пропорционал сайлов тизими бўйича ўтказилмоқда.

Партиялар учун ўтиш чегараси 4 фоизни, икки ёки уч партиядан иборат блоклар учун 8 фоизни, тўрт ва ундан ортиқ партияни ўз ичига олган кенг коалициялар учун эса 10 фоизни ташкил этади.

Шунингдек ўқинг

“GALLUP International Association”нинг Арманистон ваколатхонаси ўтказган сўров натижаларига кўра, агар Арманистон парламент сайловларида қатнашаётган мухолифат партиялари бирлашса, ҳукмрон партиядан кўпроқ овоз тўплай олади.

Сўровномага кўра, респондентларнинг 32,4 фоизи амалдаги бош вазир Никол Пашинян бошчилигидаги “Фуқаролик шартномаси” партиясига овоз беришга тайёр. “Ташир” давлат компанияси раҳбари Самвел Карапетяннинг “Кучли Арманистон” партиясини 16,4 фоиз, мамлакат собиқ президенти Роберт Кочаряннинг “Арманистон” блокини – 15,2 фоиз, тадбиркор Гагик Сарукяннинг “Фаровон Арманистон” партиясини – 8,8 фоиз, собиқ омбудсман Арман Татояннинг “Бирлик қанотлари” партиясини эса 6,2 фоиз сўралганлар қўллаб-қувватлаган. Шундай қилиб, тўртта асосий мухолиф куч биргаликда 46,6 фоиз овоз тўплаши мумкин.

“BBC” рус хизматининг хабар беришича, амалдаги бош вазир Николь Пашинян ҳокимиятда қолиш ва кетма-кет учинчи ғалабани қўлга киритишга умид қилмоқда. Сайловолди кампанияси давомида Арманистоннинг Россия билан муносабатлари ва мамлакатнинг Европа Иттифоқи билан яқинлашиш нияти асосий масала бўлгани қайд этилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш