Қозоғистоннинг Атирау вилоятида Ўзбекистон савдо уйини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди
Сентябрь 23, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 16АТИРАУ, 23 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Оқтов шаҳридаги бош консули Жамолиддинхўжа Абдукаримов Қозоғистоннинг Атираю вилояти Атирау вилояти ҳокими Болат Акчулаков билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-логистика ва меҳнат миграцияси соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, 2025 йилда Атирау вилоятининг Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми 90,8 миллион долларни ташкил этган. Айни пайтда вилоятда Ўзбекистон капитали иштирокида 296 та корхона фаолият юритмоқда.
Томонлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, товар турларини кенгайтириш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини кўриб чиқдилар. Ўзбекистон ва Атирау ўртасида авиация ҳамда автомобиль қатновларини кенгайтириш, юк ташиш ва транспорт-логистика имкониятларини ошириш бўйича фикр алмашилди.
Атирау вилояти “Атамекен” тадбиркорлар минтақавий палатаси вакиллари билан ҳам учрашув ўтказилди. Унда туризм соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, Ўзбекистон тадбиркорларига ҳуқуқий ва консультатив кўмак кўрсатиш, ўзбек экспорт маҳсулотлари ҳажмини ошириш ҳамда Атирау вилоятида Ўзбекистон савдо уйини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, Атирау вилоятида жорий йил октябрь ойида Ўзбекистон тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ўтказиш режалаштирилмоқда. Томонлар тадбирда Ўзбекистон бизнес вакилларининг иштирокини таъминлаш ва форумга оид қўшимча маълумотларни тақдим этиш бўйича келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

